Маданият

“Гиёҳвандлик зарарли иллат”

Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири гиёҳвандликдир. Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни ажримига сабаб бўлади, болаларни етим ва ногирон қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга маҳкум этади. Охир оқибат касаллик, узоқ муддат қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин  ёки тез бўлсин, динимизда қатъий қайтарилгандир. Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Заҳар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида заҳарини мангу ичади”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Ислом дини инсон манфаати ва ҳуқуқлари тўла таъминлашини тарғиб қилади. Чунончи, динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлардан қайтарилган. Қуръони каримда мўмин бандаларга буйруқ тариқасида бўлсин, ёки бошқа кўринишда бўлсин, хитоб бўлар экан, албатта бу нарсада мўмин бандаларга фойда бордир. Бу нарса кўп тажрибаларда кузатилган. Ўз навбатида мўмин бандалар ҳам ушбу буйруқларни  севиниб, чин кўнгилдан қабул қилишади. Агарчи унда машаққат бўлса ҳам, амал қиладилар. Чунки, бу Роббиларининг буйруғидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир.

Ушбу маълумотларни эслатишимиздан мақсад жамиятимизда, хусусан ёшларимиз орасида учраётган ушбу иллатлардан огоҳ бўлайлик. Ярим кечаси маҳалла-кўйларда бехуда юрган, пана-паст жойларда яширин ишлар билан ўтирган ёшларга ўз вақтида танбеҳ беришимиз, уларни зарарли иллатлардан огоҳлантиришимиз бизнинг вазифамиздир.  Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Сизлардан ким мункар – ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин…”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари). Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Related Articles

Back to top button