Ўзбекистон

СОЛИҚ ОРГАНИ КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Ўтган давр мобайнида республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, маъмурий органлар билан муносабатарда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд йўли билан муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида хорижий мамлакатлар тажрибасини қўллаган ҳолда мамлакатимизда алоҳида ташкил этилган маъмурий судларнинг ўрни муҳим ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда, маъмурий судлар томонидан тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан, хусусан солиқ органининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан низолашишга оид суд амалиёти шаклланган бўлиб, судлар томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бунда судлар томонидан ишларни кўришда текширилиши лозим бўлган жиҳатлардан энг муҳими бу солиқ органининг тадбиркорлик субъектига нисбатан ўтказган текширишининг тартиб-таомилларига риоя қилингани ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан амалга ошириладиган солиқ назоратининг энг муҳим шакли камерал солиқ текшируви ҳисобланади.

Мазкур текширувни амалга оширишнинг ягона тартиби ЎЗбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомда ўз ифодасини топган.

Тадбиркорлар учун қизиқ бўлган саволлардан бири бу “камерал солиқ текшируви қадай ҳолларда ўтказилиши мумкин?” деган саволдир.

Камерал солиқ текшируви қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

солиқ хавфини бошқариш тизими асосида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши содир этилганлиги хавфи мавжудлигида;

солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ёки хатолар аниқланганда.

Солиқ органлари қуйидаги ҳолларда ҳам камерал солиқ текширувини ўтказишга ҳақли:

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолатлари ҳақида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари солиқ органига тушганда;

солиқ тўловчи томонидан олдин тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини камайтирадиган ёки кўрилган зарар суммасини кўпайтирадиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилганда.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш тартиби қандай?

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) белгиланган шаклда расмийлаштириладиган буйруғи асосида ўтказилади.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ асосида фақат битта солиқ тўловчи текширувдан ўтказилиши лозим.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш муддати камерал солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган санадан бошланади.

Камерал солиқ текширувининг умумий муддати олтмиш кундан ошиши мумкин эмас.

Камерал солиқ текшируви давомида солиқ органи тадбиркорга керакли бўлган ҳужжатларни олиш мақсадида сўровнома юбориш ҳуқуқ мавжуд.

Сўровномада кўрсатилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ тўловчи томонидан солиқ органига сўровнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича текширувни ўтказувчи мансабдор шахс белгиланган шаклдаги хулоса тузади.

Хулосада камерал солиқ текширувини бошлаш ташаббуси учун асос бўлиб хизмат қилган маълумотлар кўрсатилиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг аниқланганлиги ёки аниқланмаганлиги, қисман тасдиғини топганлиги ёки топмаганлиги, солиқ ҳисоботларидаги тафовутлар ёки хатолар баён этилади.

Шунингдек, хулосада, агар бундай ҳаракатлар камерал солиқ текшируви доирасида амалга оширилган бўлса, солиқ тўловчидан ёки учинчи шахслардан талаб қилиб олинган ёхуд солиқ тўловчининг ҳудудларини ва биноларини кўздан кечиришда ҳамда ўтказилган сайёр солиқ текширувларида олинган ахборотни (ҳужжатларни) ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари ҳам кўрсатилади.

Камерал солиқ текшируви юзасидан тузилган хулоса солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан икки кун ичида кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Камерал солиқ текшируви материаллари, шу жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги далолатнома, текшириш якунларига кўра тафовутлар аниқланганлиги ёки солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши мавжуд эмаслиги тўғрисида тузилган хулоса белгиланган тартибда солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича тасдиқланган хулосага кўра солиқ ҳисоботидаги тафовутлар ёки хатолар аниқланган ҳолатлар юзасидан солиқ органи томонидан икки кун муддатда солиқ тўловчига уларни бартараф этиш тўғрисида талабнома юборилади ва у юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади.

Солиқ тўловчи талабнома олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда тегишли солиқлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан солиқ органига тақдим этиши шарт. Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.

Агар камерал солиқ текшируви пайтида солиқ тўловчи томонидан Солиқ кодексига мувофиқ жавобгарлик белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолати аниқланса, камерал солиқ текширувини ўтказган мансабдор шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатларини қайд этувчи далолатномани тузади.

Камерал солиқ текширувини ўтказган солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) далолатномани ва камерал солиқ текширувининг бошқа материалларини ушбу далолатнома тузилган кундан эътиборан ўн кун ўтгач, бироқ ўн беш кундан кечиктирмасдан кўриб чиқади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги далолатнома ва камерал солиқ текширувининг бошқа материаллари кўриб чиқилганидан кейин натижалари бўйича беш кун ичида солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) қўшимча солиқлар ва пеня ҳисоблаш ёки уларни рад этишни ёки солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш ёки буни рад этишни назарда тутувчи қарор қабул қилади.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш керакки, солиқ органи маъмурий орган ҳисобланади ва у томонидан қабул қилинган ҳар қандай қарор тадбиркорларнинг ҳуқуқларига дахл қилиши мумкин. Шу сабабли, солиқ органи текширишларни амалга оширишда қонунга мувофиқ ҳаракат қилиши ва ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари ҳам солиқларни  ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида белгиланган тартибда тўлаши, солиқ органи билан солиқ қонунчилигини амалга ошириш юзасидан доимий равишда ҳамкорлик қилиши лозим.

Учқун Самандаров,                                                     

Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси

Related Articles

Back to top button