Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 24 август куни «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди
Фармонда хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бекор қилинади:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;
ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;
юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;
ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;
турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:
турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;
суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;
в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида – мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;
г) корпоратив муносабатлар соҳасида:
давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;
юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (кейинги ўринларда – UZKAD тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланади.
Бунда:
UZKAD тизимига Гаров реестри, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри, Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестри, Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри, “Давлат мулки” ахборот тизими, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва уларнинг бўлинмалари реестри, лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари ва кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритилаётган бошқа барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилинади ҳамда реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви йўлга қўйилади;
онлайн маълумот алмашинуви пайтида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шу сабабли UZKAD тизимида бўлмаганлиги аниқланган тақдирда, уч кун ичида ушбу ҳуқуқ UZKAD тизимида ҳақ ундирмасдан ва ариза талаб қилмасдан давлат рўйхатидан ўтказилади ва маълумот тақдим этилади;
кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш UZKAD тизимидаги маълумотлар асосида амалга оширилади, кўчмас мулк ҳақида ушбу тизимда бўлмаган бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди, маълумотларнинг ҳаққонийлиги давлат томонидан кафолатланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
жисмоний ва юридик шахсларга солиқларни ҳисоблаш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, давлат хизматлари, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда кўчмас мулкка оид барча маълумотлар тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан UZKAD тизимидан олинади;
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилган ёзувлар ва кўчмас мулк объектлари бўйича “мулк тарихи”га оид маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлади ва улардан ҳақ эвазига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланилади, давлат сирига оид ҳамда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилган маълумотлар бундан мустасно.