Ўзбекистон

ОЧИҚ БЮДЖЕТДА ҲАММАСИ ОЧИҚЧА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида 2022 йил апрель ойида Шўрчи туман бўйича 12 та лойиҳа ғолиб бўлди.

Лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тумандаги 2021 йил якунига кўра шаклланган қўшимча маблағлар ҳамда 2022 йилнинг январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан “Фуқаролар ташаббуси бюджети” жамғармасига жами 6 662,1 млн.сўм маблағ ажратилди.

Лойиҳалар “Қоқайди”, “Тамаддун”, “Олатемир”, “Жарқишлоқ”  “Эзгулик”, “Толли”, “Олийҳиммат”, “Эгарчи” маҳаллалари кесимида 1 (биттадан),  “Какан” ва “Ёшғайрат” маҳалласида 2 (иккитадан) тани ташкил этади.

Улардан 500,0 млн. сўмлик 1 та ички йўлларни таъмирлаш, 3,1млрд. сўмлик 4 тасини умумтаълим мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, 1,0 млрд. сўмлик 2 тасини мактабгача таълим ташкилотларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, 690,0 млн. сўмлик 1 та ичимлик суви тизимини таъмирлаш, 600,0 млн. сўмлик 1 та тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, 80 млн. сўмлик 1 та электр тармоғи тизимини яхшилаш, 600,0 млн. сўмлик 2 тасини бошқа турдаги лойиҳалар ташкил этади.

 «Ташаббусли бюжетнинг муҳим жиҳатлари, унинг тартиб қоидалари» мавзусида ўтказилган очиқ мулоқотимиз иштирокчиси Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши котибияти мудири Сайдулла Абдураимов бўлди.

 2022 йил 15 июлдан 3 августгача маҳалладаги ва давлат ҳисобидаги иш хонангиздаги муаммоларни бўйича таклиф киритинг. Битта СИМ карта эгаси битта таклиф ва овозга эга бўлади. Таклиф 1.200.000.000 сўмдан ошмаслиги керак. Билдирилган таклифлар ҳокимиятдаги Ишчи комиссия томонидан 4 августдан 23 августгача кўриб чиқилади. Билдирилган таклифлар маъқуллангандан сўнг OPENBUDGET.UZ порталга жойланган таклифлар учун 2022 йил 24 августдан 12 сентябргача овоз йиғилади. Энг кўп овоз олган таклифлар учун албатта давлат томонидан маблағ ажратилади.

– Ташаббусли бюджет жараёни маҳаллий бюджетнинг маблағларини аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга, фуқароларнинг бюджет жараёни иштирокини таъминлашга ва аҳолининг ўзи истаган тадбирни амалга оширишга қаратилган жараён ҳисобланади, – дейди Сайдулла Абдураимов. – Булар ҳаммаси openbudget.uz портали орқали амалга оширилади ва йилига икки марта – февраль ва июль ойларида ўтказилади. 2022 йилнинг июль ойида бошланган ташаббусли бюжет лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Шўрчи тумани учун 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Маҳалла раиси ва фаоллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, албатта кўп сонли аҳоли учун қулай шарт-шароит яратилади. Уларни қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет” жараёнлари бўйича ғолиб деб топилган лойиҳаларда белгиланган ишларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳамда ўз вақтида молиялаштирилишини назорат қилиш борасида Бош прокуратура томонидан доимий назорат ўрнатилган.

Related Articles

Back to top button