Касбим-фахрим

“ДОЛЗАРБ ЎТТИЗ КУНЛИК” ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Қишлоқ хўжалиги республикамизнинг истеъмол бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари ва кайта ишлаш саноатига хом-ашё етказиб бериш билан бирга, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё саноати каби бир қатор тармоқлар маҳсулотлари учун кафолатли бозор бўлиб ҳам ҳисобланади. Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олиш ва етиштирилган ҳосилни сақлаб қолишдаги асосий омиллардан бири зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларлардан ҳимоя қилишдир.

Республикада ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида атроф-муҳит, инсонлар ва жонзотлар учун безарар бўлган биологик кураш усулини қўллашга катта аҳамият берилмоқда. Биомаҳсулотларни кўпайтириш ва қўллаш ҳажми ошиб бормоқда. Бугунги кунда, ғўза зараркунандаларига қарши курашда биологик усулнинг улуши 91 фоизни ташкил этмоқда. Кейинги йилларда янгидан биолабораториялар ташкил этилмоқда ва эскилари қайта жиҳозланмоқда, биолабораторияларнинг биомаҳсулот кўпайтириш

қуввати ошириляпти.   Зараркунандаларнинг  ёппасига  тарқалиши  олдини  олиш  мақсадида  профилактик тадбирларга  ҳам  катта  эътибор  берилмоқда.  Биргина пахтачик соҳасини олиб қарайлик.

Пахтачиликда энг кўп тарқалган касалликлар – илдиз чириш, гоммоз ва вилт касаллиги ҳисобланади. Бу касалликлар таъсирида ғўзада модда алмашинуви бузилади ва ўсимликда морфологик ҳамда физиологик ўзгаришлар вужудга келадики, оқибатда ўсимлик барглари, мева органлари тўкилиб у қуриб қолади. Ноқулай ташқи шароит ва ўсимликни механик зарарланиши бу касалликларни тез тарқатишига сабаб бўлади. касаллик белгилари – илдиз, поя, барг, новда, мевалар ва чигитда ҳам намоён бўлади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан республикадаги агрокластерлар, фермер-деҳқон хўжаликлари ғўза  майдонларида учрайдиган хавфли ва иқтисодий зарар келтирадиган зараркунандалар (ўргимчаккана, кўсак қурти, қандала ва бошқалар), касалликлар ва бегона ўтларга  қарши уйғунлашган кураш тадбирларини олиб бориш мақсадида, жорий йилнинг 1-июлидан 30-июлига қадар “Долзарб ўттиз кунлик” деб эълон қилинди.

Сурхондарё вилояти  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари ҳам мазкур тадбирни уюшқоқлик билан ўтказмоқда. Воҳанинг ғўза майдонларида фитосанитария мониторинги ва дала назоратлари кучайтирилиб, фермерлар дафтарининг юритилиши ҳамда ғўза экинларида зараркунандаларга қарши курашда биовоситалар (ентомофаглар)ни қўллаш юзасидан тўлиқ  назорат ўрнатилган.. Шунингдек, ғўза майдонларининг ҳар бир гектарига 1 донадан Ўзбекистон Республикасида ишлатилишига рухсат этилган рўйхатда мавжуд бўлган феромон тутқичлар ўрнатилаётир.

Айтиш муҳимки, ғўза касалликлари фақатгина пахта ҳосилини камайтириб қолмай балки пахта толасини ва уруғлик чигит сифатини ҳам пасайтиради. Бу касалликлар оқибатида пахта ҳосилини 10 фоизи бой берилиш эҳтимоли бор.  Шу сабабли бу касалликлар тарқатувчиси бўлган замбуруғ ва бактериялар табиатини чуқур ўрганиб буларга қарши кураш чораларини топиш ва қўллаш пахтачиликдаги энг долзарб масала бўлиб ҳисобланади.

Ғўзанинг кемирувчи зараркунандалари билан уз вактида кураш олиб борилса, ҳосилдорлик юкори бўлади.

Гоммоз  – бу бактерия қўзғатадиган касаллик бўлиб, унинг уруғбарг, чинбарг, поя ва кўсак шакллари мавжуд. Уруғбарг ва чин баргларда олдин мойсимон, кейин қўнғир тус олувчи доғлар ҳосил бўлади.

Поя ва кўсаклардаги доғлар ҳам олдин мойсимон, қўнғир, аммо вақт ўтиши билан улар қора тусли яраларга айланади. Поя зарарланган жойидан синиб кетиши мумкин. Касаллик толага ўтганида, тола шилимшиқланади ва кўсак деворчаларига ёпишиб қолади. Касаллик мавсумдан мавсумга асосан чигит ва қисман зарарланган ўсимлик қолдиқлари орқали ўтади. Агар дала йирик ўсимлик қолдиқларидан (поя қолдиқларидан) яхши тозаланган ва майда ўсимлик қолдиқлари кузги шудгорда тупроққа кўмилган бўлса, бундай далада гоммоз бактериялари сақланмайди. Бу ҳолда гоммознинг ягона манбаи зарарланган чигит бўлиб, уни гоммоз бактериясидан тозалаш учун энг самарали усул – чигитни кислота билан туксизлантириб, самарали уруғ дориси билан дорилашдир. Бу усул гоммозга қарши 100 фоиз  самара беради. Ғўза  илдиз  чириши  касаллигини  замбуруғлар  қўзғатади  ва  касалликнинг  асосий  зарари  ўсув даврининг илк босқичларида, уруғбарг униши ва ниҳоллар фазасида кузатилади. Фузариоз вилтга қарши қўлланиладиган чора-тадбирлар ғўза ниҳоллари ва илдизи чириши касалликларига қарши ҳам етарли самара беради. Бунда илдиз чиришни қўзғатувчи замбуруғ турларини ҳисобга олган ҳолда, самарали фунгицид танлаш ва у билан чигитни экишдан олдин дорилаш ушбу касалликларга қарши энг фойдали усул ҳисобланади.

Ғўза тунлами (кўсак қурти) — Ғўзанинг гули, шонаси ва кўсакларни зарарлайди. Капалакларни олдинги қанотлари сарғиш кул-ранг тусда бўлиб, баъзан қизғиш қўнғир ёки пушти, ёхуд кўкиш рангда товланиб туради. Хар бир ўсимлик ўсув нуқтасига биттадан тухум қўяди. Тухумлари гумбазсимон. Хаёти давомида ўртача 400 тадан 2000 тагача тухум қўяди. қуртларини танаси оч яшил, кўкиш сарғиш

рангдан тортиб, қорамтир ранггача бўлади. Танасининг ёнлари бўйлаб тўлқинсимон чизиқлар ўтади. Ўзбекистоннинг шимолий туманлари-да 3-4 та, жанубий туманларида эса 4-5 та авлод беради. Кўсак қурти кузда қайси ўсимликларда озиқланган бўлса, шу ўсимликка яқин жойда ғумбаклари тупроқнинг 10-15 см чуқурлигида қишловга кетади.

Кураш чоралари куйидагича:  Аввало агротехник тадбирларни тугри ташкил этиш мухим: Бу  ерни кузги чуқур шудгорлаш; зарарланадиган экинларни бир-биридан узоқроқ жойлаштириш; ғўза қатор ораларига ишлов бериш; чеканкада ўсимликнинг ўсиш нуқатасини фартукларга йиғиб четга олиб чиқиб ташлаш; ғўзани ортиқча суғориб ғовлашига йўл қўймасликни уз ичига олади.

Биологик усул:   ҳар 2 гектар ғўза майдонига 1тадан феромон тутқич ўрнатиш ва 1та тутқичга бир кечада 2-3 та капалак тушганда 4-5 кун оралатиб  3 марта трихограмма тухумхўридан ҳар гектарига 1граммдан  5х5 схемада 400та нуқтага зараркунанданинг ҳар бир авлодига қарши чиқариш. Кўсак қуртининг ўрта ва катта ёшдаги қуртиларига қарши бракон энтомофагидан 1:20; 1:10; 1:5 нисбатларда зараркунанданинг ҳар авлодига қарши 3 мартадан 4-5 кун оралаб  10х10м схемада чиқариш. Кўсак қуртининг кичик ёшдаги қуртларига ва тухумига қарши олтинкўз энтомофагининг 3-4 кунлик тухумидан гектарига 500 тадан 1500 тагача чиқариш ҳам яхши самара беради.

Акром Абсаматов, Сурхондарё вилояти  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи

Related Articles

Back to top button