Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди
“Дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда. Албатта, бу бизга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Лекин, ҳамма вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам дунёда бўлаётган вазиятни баҳолаб, ишини тўғри ташкил қилаётгани йўқ. Буни бозорларимиздаги нарх-наво кўрсатиб турибди.
Жумладан, май ойида инфляция даражаси 1 фоизга ошиб, бу ўтган йилга нисбатан юқори бўлди.
Албатта, нарх-навонинг ўсишига жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи – 33 фоизга, шакар – 14 фоизга, нефть – 47 фоизга ошгани бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Бундай шароитда ҳокимлар барча ички имкониятларни сафарбар этиб, бозорларни маҳсулотлар, энг муҳими – озиқ-овқат билан тўлдириш учун икки карра кўпроқ ишлашлари шарт.
Лекин, кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборган”, деди Президент йиғилишда.
Уч кун муддатда барча маҳалла ва қишлоқларда асосий маҳсулотлар билан таъминлаш даражасини ўрганиб, керак бўлса, бошқа ҳудудлардан тезкорлик билан етказиб бериш вазифаси қўйилди.
“Асосий мақсадимиз – аҳолини рози қилиш эканини бир зум ҳам унутмаслик лозим. Нархларни сунъий ушлаб туриб, бу масалада кўзбўямачилик ёки ура-урачиликка йўл қўйиб бўлмайди”, деди Президент.
Барча шароитлар яратиб берилганига қарамай, 8 та вилоятда парранда гўштини етиштириш аҳоли талабининг 70 фоизини ҳам таъминламаётгани танқид қилинди.
Паррандачилик хўжаликлари билан учрашувларда 20 дан ортиқ муаммо ва таклифларни кўтарилган. Жумладан, паррандачилик йўналишидаги 50 дан зиёд йирик корхона 50 фоиз қувватда ишламоқда. Сабаби — ҳудудларда лойиҳаларни танлаш ва жойлаштириш ишлари тўғри йўлга қўйилмаган.
Бугунги кунда бир дона тухумнинг ўртача таннархи 1 минг сўм бўлса, унинг улгуржи нархи 900 сўмдан ошмаяпти.
“Паррандачилик корхоналари раҳбарлари вазиятни тушуниб, тухум нархини оширмаяпти, бунинг учун уларга раҳмат.
Лекин, қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокими улар билан учрашиб, озуқа ем, транспорт, айланма маблағ масалаларида ёрдам бераяпти, деган саволга, афсуски, ижобий жавоб йўқ”, деди Президент.
Президент паррандачилик хўжаликларини ем билан таъминлаш масаласини тўлиқ ҳал қилиш вазифасини қўйди.
Бунинг учун:
— паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилади;
— паррандачилик корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун олинадиган тижорат кредитларга Тадбиркорлик жамғармасидан гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик бериш ва 17 фоиздан ошган қисмини компенсация қилиш тизими жорий қилинади;
— пандемия даврида паррандачилик корхоналарининг жами 834 миллиард сўм, шундан 2022 йилда 400 миллиард сўм олган кредитлари муддати узайтирилади.
Бу шароитлардан фойдаланиб, мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга, парранда гўшти ишлаб чиқаришни йил якунига қадар камида 35 фоизга ошириб, 600 минг тоннага етказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Парранда маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва лойиҳаларни тўғри жойлаштириш мақсадида маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш топширилди.
Йиғилишда хонаки товуқларни кооперация асосида боқишни кенгайтириш вазифаси қўйилди. Давлатимиз раҳбари Нуробод тумани тажрибасини мисол қилиб келтирди.
Бир йил олдин ушбу туман ўзини тухум билан 50 фоизга, парранда гўшти билан 40 фоизга таъминлар эди.
Жорий йилда туманнинг барча маҳалласига лидер тадбиркорлар инкубатор тарқатиб, аҳоли билан бирга парранда гўшти ва тухум етиштиришни йўлга қўйдилар.
Натижада, бугунги кунда ушбу туман ўзини тухум ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга, Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Каттақўрғон туманларига ойига 140 мингта тухум етказиб бермоқда.
Мазкур тажрибани ўзининг тухум ва парранда гўштига эҳтиёжини қопламайдиган 50 та туманнинг 200 та маҳалласида йўлга қўйишга топшириқ берилди. “Ушбу туман ҳокимлари йил якунигача ўзгариш қилмаса, хулоса жиддий бўлади”, деди Президент.
Ушбу маҳаллалар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари асосида 200 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратилиши, ушбу маблағлар ҳисобидан аҳоли жўжалар ва озуқа билан таъминланиши белгиланди.
Жорий йилда 170 та йирик чорвачилик лойиҳалари ва хонадонларда кооперация орқали 249 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Бунинг учун, февраль ойида қабул қилинган қарор билан чорвачилик хўжаликларига:
— гўштнинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган субсидия 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилди;
— олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси барча тўловлардан озод этилди;
— соҳага 170 миллион доллар имтиёзли кредит линиялари очилди;
— 200 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонларига озуқабоп экинларни алмашлаб экиш белгилаб олинди.
Андижон, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида пахтачилик-тўқимачилик кластерлари томонидан амалий ишлар бошланиб, 18 минг бошли 35 та чорвачилик хўжаликлари ишга туширилди.
Лекин, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 35 минг бошли 70 та лойиҳа бўйича чорва комплексларини ишга тушириш кечикмоқда.
Президент ушбу вилоятлар ҳокимларини қатъий огоҳлантирди.