МАЪМУРИЙ СУДЛАР ТАДБИРКОРЛАРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАМОҚДА
Ҳоким ўз ҳудудининг тўлақонли, маълум маънода раҳбаридир. Халқ депутатларига ҳисобдорлиги ҳам ҳуқуқ ва ваколатларини чегаралай олмайди. Депутатлар корпуси ҳам шу ҳудуд фуқаролари у ёки бу томондан ҳокимга ҳисобдор, бўйсунувчи катта-кичик амалдорлардир. Депутатлар томонидан ҳокимнинг талаб ва таклифларини сессияда монеликсиз тасдиқлаш ҳоллари учрайди.
Ҳокимият идораларининг бошқарув тизими, қонунчилик ва унинг назорат муассасаси бўлган халқ депутатлари кенгашлари фаолияти ҳамда жамият ва фуқаролар манфаатлари шундай боғланганки, буни бир-биридан асло ажратиш мумкин эмас. Бу ерда мувозанатнинг бузилиши қонун билан ҳимояланиши лозим бўлган давлат ёки фуқаролар манфаатларига путур етган бўлади.
Қонунларимизни мукаммаллаштириш, давлат ва фуқаро манфаатлари ҳимоясининг меъёрий асосларини пишиқтириш учун қатор институтлар ишлаяпти. Қонунларга риоя этилиши мамлакатимиз барча доира кишилари учун хоҳ у вазир бўлсин, хоҳ у оддий фуқаро-ҳамма учун баравардир. Шиоримиз шундай! Куч-адолатдадир! Бу шиор бугунги кунда пайдо бўлган эмас.Авлиё Тойободий томонидан Амир Темурга совға қилинган ва буюк ҳукмдорнинг давлат муҳрига айланган узук куч ва адолатни бирлаштирган эди. Бизнинг давримизда эса ҳаёт мезонига айланган.
Бузилган ҳуқуқларимиз ва манфаатларимизни тиклаш учун судга мурожаат этамиз. Мамлакатда суд ҳокимияти мунтазам такомиллаштириляпти. Судларнинг ихтисослашуви, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, судлар моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, судьяларни моддий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Том маънода судлар мустақиллиги таъминланмоқда. Судьялар фақатгина қонунларга бўйсунадилар, суд ишларига бирон-бир аралашувга йўл қўйилмайди. Шу туфайли ҳам қарор, ҳукм чиқаришда фақатгина қонунларга бўйсунмоқдалар.
Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судида тадбиркорлар манфаатлари ва бузилган ҳуқуқлари доимий ҳимояда, уларнинг қонуний муаммолари қўллаб-қувватланмоқда. Кейинги вақтларда ҳокимият идоралари қарорларининг ноқонуний деб топиш тўғрисидаги турли тоифадаги қатор ишлар кўриб чиқилмоқда, бундай мурожаатларда мол-мулк билан боғлиқ қонунларга зид равишда ер участкалари ажратиш, фермер хўжаликлари ва маъсулияти чекланган жамиятларига тегишли бўлган ер майдонлари асоссиз равишда захирага қайтариш билан алоқадор бузилган ҳуқуқларни тиклаш, мансабдор шахсларнинг қарорларини ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар кўпчиликни ташкил этади.
Жумладан, яқинда Шўрчи туманидаги “Акмал шох” (номи ўзгартирилган) МЧЖнинг бузилган манфаатлари билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилди. Туман ҳокими ушбу фермер хўжалигига қарашли 7,0 гектар майдондаги боғни захирага қайтарган.
Ваҳоланки, маъсулияти чекланган жамият билан туман ҳокимлиги ва ҳозирги Кадастр агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси Шўрчи туман филиали (илгариги Шўрчи туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими) ўрталарида 24.09.2021 йилда ер ижара шартномаси тузилган ва №1917-сонли тартиб рақам билан рўйхатдан ўтказилган.
Бундан ташқари, МЧЖга 10.08.2020 йилда №1722226/R-А1147384-сонли реестр тартиб рақами билан “Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида”ги Давлат реестридан кўчирма берилган.
Маъсулияти чекланган жамият 25.04.2019 йилда юридик шахсларни (тадбиркорлик субъектини) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган ва тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.
Тадбиркор ҳисоботларини электрон шаклда топширмоқчи бўлганида солиқ инспекциясидан туман ҳокимининг қароирни билиб қолади ва МЧЖ ўз норозилигини ҳокимият ва прокуратура идораларига мурожаатидан бошлайди, охир оқибат судга мурожаат этишга мажбур бўлади ва шундай қилди ҳам.
Мазкур МЧЖнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатлари суд томонидан тикланиб Термиз туманлараро маъмурий суди ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топди.
Хўш, ҳокимнинг қарори нега ҳақиқий эмас деб топилди? Суд томонидан аниқланишича ҳокимлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг 02.05.2012 йилдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Қонуннинг 11-моддаси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги Қонуннинг 60-моддаси, 9-моддаси, 19-моддалари ва 59-моддалари талабларига риоя этилмаган. Яъни туман ҳокимлиги маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган бўлса-да, бироқ туман ҳокимлиги ўзининг МЧЖга тегишли ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисидаги қарорини чиқариш пайтида МЧЖ раҳбари М.Рустамов (исми фамилияси ўзгартирилган)ни огоҳлантирмаган ва МЧЖ раҳбарига ўз фикрини билдириш имкониятини бермаган.
Афсуски бундай мисоллар битта, иккита эмас, анчагина учрайди. Ҳуқуқи бузилган барча юридик ва жисмоний шахслар ҳам ўзларини суд йўли билан ҳимоя қила олмайдилар. Бу борада суд жараёнларида меҳнат жамоаларида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб борилмоқда. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинмоқда.
Мамлакатда демократик ислоҳотлар кетаётган бир чоғда қонун устуворлигига ҳаммамиз, ҳар биримиз бўйсунишимиз, қонунларга онгли муносабатда бўлишимиз керак. Ҳолбуки Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллиги ва уларнинг иш услубида адолат ва шаффофлик тамойилларини янада қарор топтириш вазифалари белгиланган. Мурожаатномада таъкидланганидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” деган сўзлари суд ишларини кўришда адолат мезонига айланмоқда. Бунда адолат тамойилларига амал қилиш, биринчи навбатда инсон манфаатлари, айниқса тадбиркор манфаатлари ҳимояси асосий вазифамиздир.
Қахрамон Туранов,
Сурхондарё вилоят Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси