Ўзбекистон

Эндокринология соҳасида янги тизим жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 декабрь куни эндокринология хизматини такомиллаштириш ва қамровини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Эндокринология инсон саломатлигини, ҳаёт сифатини  таъминлашда энг муҳим соҳалардан бири. Сўнгги йилларда эндокринология соҳасини такомиллаштиришга қаратилган алоҳида дастур амалга оширилди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 14 та филиали моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Бу филиалларда махсус бўлимлар ташкил этилгани боис республика марказига мурожаатлар 2 баробарга камайди. Яъни, қарийб 5 минг нафар фуқаронинг оворагарчилиги ва ортиқча харажатларини олди олинди. Ҳар йили 80 минг нафар бемор инсулин билан бепул таъминланмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси йод етишмайдиган ҳудудда яшайди. Оқибатда, қалқонсимон без касаллиги кўп учрайди. Сўнгги беш йилда эндокрин касалликлар 20 фоизга ортиб, ёшлар орасида ҳам кўпайган.

Умуман, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, юртимиз бўйича 2 миллион аҳолининг 6 фоизида бу каби касалликлар аниқланган. Туманларда қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар етишмаслиги оқибатида касалликнинг оғир асоратлари бўлган кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича пойтахтга мурожаатлар ошган.

Шу боис йиғилишда соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш,  эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, айниқса, бирламчи бўғинни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

— Эндокрин касалликларини бирламчи бўғинда эрта аниқлаш учун мураккаб ускуналар харид қилиш шарт эмас. Лабораторияларни жиҳозлаш, зарур реактивлар билан таъминлаш ва нафақат эндокринолог, балки оилавий шифокорларни ҳам тайёрлаш катта самара беради, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари бу борада янги тизим жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Унга кўра, энг аввало, оилавий ва эндокрин шифокорлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бунинг учун жойларда ташкил этилган тиббиёт бригадалари, ҳамшира кўриги хоналари ва Саломатлик мактаблари роли кучайтирилади.

Масалан, бирламчи шифокор кўриги жараёнида 10 турдаги таҳлилни йўлга қўйиш орқали вилоят марказларига мурожаатларни 50 фоизга қисқартириш мумкинлиги айтилди.

Шунингдек, эндокрин касалликларни эрта аниқлаш мақсадида келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли йилига камида бир марта манзилли скирингдан ўтказилади. Эндокрин касаллик аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри ишга туширилади. Ҳар бир тиббиёт бригадаси экспресс-тестлар ўтказиш учун глюкометр билан таъминланади.

Келгуси йил 1 июлдан ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар, 3-15 ёшдаги болаларга бепул йод препарати берилади. Қандли диабет учун метформин дорилари 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади. Маҳалладаги беморлар ва диабетга мойиллиги бор аҳолига касалликни бошқариш ўргатилади.

Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бирламчи бўғин учун зарур мутахассисларни тайёрлаш, дорилар ишлаб чиқариш ва оилавий поликлиникалар орқали тақсимлаш чоралари белгиланди.

Йиғилишда тиббиёт муассасаларида лаборатория хизматлари кўрсатишни янги асосда йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, туманларда энг зарур лаборатория текширувларини йўлга қўйиш орқали кўрсатиладиган хизматларни 5 тадан 17 тага етказиш ва республикага мурожаатларни 20 фоизга камайтиришга эришиш мумкин.

Шу муносабат билан лаборатория таҳлиллари нормативларини халқаро тажриба асосида тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва янгилаш зарурлиги таъкидланди.

Туманларда оилавий ва марказий поликлиника, марказий шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлими лабораториялари мақбуллаштирилиб, туну-кун ишлайдиган марказий лабораториялар ташкил этилади. Улар оилавий поликлиника ва шифокор пунктларидан материалларни йиғиб олиш учун транспорт воситалари билан таъминланади.

Келгуси йил давомида лабораториялардаги 1 мингдан зиёд шифокорлар ва 3 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси оширилади.

Эндокринология марказининг туманлараро бўлимлари сони ҳозирги 29 тадан 50 тага етказилиши белгиланди. Ҳудудлардаги филиаллар янги тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва кўрсатиладиган хизматлар сони 15 тадан 40 тагача етказилади.

Соҳадаги энг асосий шифо маскани бу, албатта, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказидир. Давлатимиз раҳбари бу марказни Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаси ҳудудидаги янги биноларга кўчириб, фаолиятини кўп тармоқли асосда ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Қайд этилганидек, марказда гормонал ва минерал бузилишлар, репродуктология ва эндокрин гинекология, онко-эндокринология, кардио-диабет ва интервенцион хирургия каби йўналишлар ташкил этилади. Шунингдек, 20 дан зиёд юқори технологик янги амалиётлар йўлга қўйилади.

Бунинг учун Эндокринология маркази илмий-инновацион муассасага айлантирилади, илмий тадқиқот ишларига хориждан мутахассислар жалб этилади, докторантурага квоталар 2 баравар кўпайтирилади. Марказ шифокорларининг чет элда малака ошириши таъминланади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди, шифокорлар ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Related Articles

Back to top button