Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим асослари хусусида

Коррупцияга қарши курашишда ҳар бир фуқаро коррупция нима эканлигини билиши лозим, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Коррупцияга имкон берувчи сабаблар нима?
Коррупцияга имкон берувчи сабаблар турлича бўлиб, ходимларнинг ўз вазифасига виждонан ёндашмаслиги, таниш-билишчилик, ходимлар малакасининг пастлиги, бошқарувнинг самарасизлиги, ички ва ташқи назоратнинг сустлиги, бюрократик тўсиқлар, маъмурий тартиб-таомилларнинг мураккаблиги, қонунларни четлаб ўтиш имконияти, қонунларнинг мураккаблиги, идоравий манфаатларнинг устуворлиги ва бошқа салбий ҳолатлар мавжудлиги сабаб бўлади.
Коррупцияга имкон берувчи сабабларни бартараф этиш йўллари: очиқлик ва ҳисобдорлик, “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосидаги таълим, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, самарали ички назорат тизими, самарали ижтимоий ҳимоя, агро хизматлар кўрсатишни рақамлаштириш, коррупцияга қарши экспертиза.
Коррупциявий жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлган асосий омиллар таҳлили шуни кўрсатадики, давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя этилмаганлиги, хуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги профилактика ишлари самарали тарзда олиб борилмаганлиги, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайёрлаш ва юқори лавозимга кўтаришнинг шаффоф тартибининг мавжуд эмаслиги, айбланувчининг соҳага таалуқли бўлмаган хизматларга бириктирилганлиги, шахснинг (жабрланувчи) ўз манфаати йўлида қонунни четлаб ўтишга уриниши ёки бошқа тарздаги манфаатдорлиги сабабли жиноятга йўл очиб берганлиги, фуқороларнинг моддий манфаатдорлик ёки шахсий бойлик орттириш йўлида жиноятга қўл уриши каби омиллар коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилишига имкон яратганлиги маълум бўлди.
Давлат органлари ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манффатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйганлиги ишга қабул қилишда мансабдорнинг (ходимнинг) шахси лозим даражада ўрганилмаганлиги (муқаддам жиноят содир этганлиги ёки содир этишга мойиллиги), айбланувчининг малака даражаси етишмаслиги, айбланувчилининг ижтимоий таъминланмаганлиги ёки адолатли мехнат шароити ташкил этилмаганлиги, тизимда иш фаолияти тўғри йўлган қўйилмаганлиги, соҳада бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги (фаолиятнинг ўзи коррупцияга йўл очиб берганлиги), иш хажмининг тўғри тақсимланмаганлиги ва малака хизмати кўрсатилмаганлиги оқибатида ҳам коррупциявий жиноятлар содир бўлган.
Жорий йил 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда давлатимиз раҳбари: «Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз.» деди. Президентимизнинг бу чақириқлари ўз самараларини кўрсатмоқда.
Ш.Қодиров
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси




