Бу қизиқ

ЭНДИ БЕЛГИЛАРИ ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛГАН БЕМОРЛАРГА НОГИРОНЛИК МУДДАТСИЗ БЕРИЛАДИ

Жорий йилдан бошлаб белгилари аниқ кўриниб турган жисмоний имконияти чекланган шахсларга ногиронликни муддатсиз белгилаш амалиёти йўлга қўйилади.

— Ҳеч кимга сир эмас, авваллари ногиронликни белгилашда бемор энг биринчи навбатда шифохонага ётиши керак, деган талаб мавжуд эди. Қолаверса, бундай фуқаролар техник реабилитация воситаларини бепул олиши учун ҳам кўп ҳолларда шифохонада даволаниб чиқиши ёки тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган, — дейди Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи Умарали Назарматов. — Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг2021 йил 3 мартдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармонининг 9-бандида илғор хорижий тажриба ва кенг жамоатчилик таклифлари инобатга олинган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгилаш тартибини жорий этилиши бўйича топшириқ берилган.

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 июндан бошлаб белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал текширувдан ўтказмасдан туриб, уларни ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз белгилаш амалиёти жорий этилади. Бу ўз навбатида экспертиза ўтказиш жараёнида бюрократик тўсиқлар ва турли оворагарчиликларга барҳам бериш, кўрик муддатини қисқартириш ҳамда тартиб соддалашишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, ногиронлик аломатлари аниқ намоён бўлган касалликлар, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга хасталиклар ва асоратлар билан ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар ТМЭКга белгиланган муддатидан олдин юборилади.

Қолаверса, бундай шахслар ногиронлик белгилангунга қадар тиббиёт муассасаси томонидан оворагарчиликларга йўл қўйилмасдан, стационар шароитда даволанишга мажбур қилинмасдан, қўшимча текширувларсиз тиббий ҳужжатлари расмийлаштирилади ва ногиронлик белгилаш учун 3 иш куни ичида ТМЭКга юборилади. Бундай ҳолатларда ногиронлик белгилари мавжудлигини стационар шароитда исботлаш талаб қилинмайди.

Юқорида кўрсатилган касалликлар ҳолатларга мос бўлган тақдирда кўрикдан қайта ўтказиш муддати кўрсатилмасдан ногиронлик гуруҳи белгиланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Related Articles

Back to top button