Бу қизиқ

Атмосфера ҳавоси нисбатан тозаланди

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида транспорт қатновларига ўрнатилган вақтинчалик чеклов Сурхондарё вилоятида атмосфера ҳавосига ташлаши мумкин бўлган заҳарли газлар миқдорини сезиларли даражада камайтиргани кузатилди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан хабар беришларича, мутахассислар воҳада автомобиллар қатновига чеклов ўрнатилганидан буён атмосферага 6 минг 300 тоннадан зиёд зарарли газ ташланишининг олди олинганини ҳисоблаб чиқди.

Сурхондарёда 170 мингдан ортиқ транспорт воситаси рўйхатдан ўтган. Унинг 88,2 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келмоқда. Мазкур транспорт воситаларидан бир йилда ўртача 78 минг тонна ташланма атмосфера ҳавосига чиқарилаётган эди. Шундай қилиб, транспорт воситалари ҳаракатининг вақтинчалик чеклангани воҳада атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаб, аҳоли саломатлигини сақлашга кўмаклашаётгани маълум бўлди.

Эл бошига иш тушган шу кунларда табиат жонкуярлари юртимизда жорий этилган карантин талабларига қатьий риоя этиб, автотранспорт воситалари қатновини имкон даражасида чеклашни сўрамоқда. Бу уларнинг нафақат ўз соғликларини муҳофаза қилиш балки, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Синовли шу кунларда ўзингиз ва ўзгалар соғлигига бефарқ бўлманг, уйда қолинг!

Related Articles

Back to top button