Ўзбекистон

Ўзбекистон маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига

Қадрли ватандошлар! Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари ва фаоллари!

Аввало, сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Маҳалла тизими ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва самимий тилакларимни билдираман.

Мамлакатимизда илк бор нишонланаётган ушбу байрам яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат айёми – Наврўз тантаналари давом этаётган мана шундай шукуҳли кунда ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор.

Маҳалла – асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда.

Биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз.

Айни пайтда, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз ҳаётини, қувончу ташвишларини маҳалладан айри ҳолда тасаввур эта олмайди.

Шу боис, биз кейинги тўрт йилда маҳалла институтига миллий давлатчилигимизнинг асосий қуйи бўғини сифатида қараб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотларни амалга ошираётганимиздан барчангиз яхши хабардорсиз.

Бу даврда соҳа ривожига доир 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, ҳар бир ҳудудда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Юртимизда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, муҳтарам нуронийларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеи ва таъсирини кучайтиришга кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқ-тартибот, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий қилинди. Соҳа ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уларнинг ойлик маошлари 3 бараварга оширилди, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари учун “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилди.

Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 1 минг 163 та маҳалла идораси янгидан қурилди, 3 минг 612 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. 110 та туман ва шаҳарда “Маҳалла маркази” мажмуалари барпо этилди, 4 минг 319 та маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил қилинди.

Соҳа ходимларининг жамиятимизда маънавий муҳит барқарорлигини, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона хизматларини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Айниқса, маҳалла фаолларининг пандемия даврида кўрсатган чинакам жонбозликлари, хусусан, синовли кунларда одамлар ҳолидан хабар олиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш сингари ғоят муҳим ва долзарб масалаларда давлатимизга мустаҳкам таянч бўлиб майдонга чиққанини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

Жумладан, бу даврда маҳалла фаоллари томонидан 700 мингга яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 60 мингдан зиёд юртдошларимизни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этиш, имконияти чекланган 754 мингдан зиёд оилаларнинг томорқаларидан самарали фойдаланишга амалий ёрдам кўрсатилганини алоҳида эътироф этиш зарур.

Маҳаллаларда ҳашар йўли билан 164 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонлари таъмирланиб, 1000 га яқин камбағал оилаларга уй-жойлар қуриб берилгани, 10 минг километрга яқин ички йўллар ва 644 та кўприк таъмирлангани, 339 та кўприк янгидан қурилгани, қарийб 2 минг километр узунликда ичимлик суви тортилгани ва 1 минг 300 га яқин насослар ўрнатилганида сизларнинг катта ҳиссангиз бор.

Жамиятда соғлом маънавий муҳит асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йили маҳалла фаоллари кўмагида ажралиш ёқасига келиб қолган 21 мингга яқин оила яраштирилгани, 16 мингдан зиёд оиланинг нотинчлигига барҳам берилгани, 5 мингга яқин маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани, намунали маҳаллалар сони 1 минг 704 тага етгани албатта таҳсинга лойиқдир.

Азиз дўстлар!

Бугунги кескин ва шиддатли глобаллашув даврида юртимизда ўзаро аҳиллик ва тотувлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлашда маҳаллаларнинг ўрни ва нуфузи тобора ортиб бормоқда.

Айни пайтда ушбу тизимнинг нуфузи ва фаолияти самарасини кучайтириш, уни фуқаролар ўз фикри ва дардини, таклиф-тавсияларини эркин айтадиган, муаммосига ечим топадиган чинакам халқчил идорага айлантириш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.

Халқимизда: “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бежиз айтилмаган. Фарзандларимизнинг маънавий баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, ёш оилаларнинг мустаҳкам оёққа туриб олишида ушбу тузилманинг ролини янада ошириш,  “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида бошланган эзгу ишларимизни изчил давом эттириш бугунги кун талабидир.

Маҳалла раиси фаол ислоҳотчи сифатида, аввало, замон билан ҳамқадам бўлиши, ўз билим ва малакасини доимий ошириб бориш ҳақида ўйлаши, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини ҳаётга татбиқ этиш, турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни тадбиркорлик марказларига айлантириш чораларини кўриши даркор.

Халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсадга эришиш йўлида биз ислоҳотларни “маҳаллабай” асосда амалга ошириш, барча қишлоқ ва маҳаллаларимизни жадал ривожлантиришга биринчи даражали эътибор қаратмоқдамиз.

Айни вақтда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимиз муаммоларини “хонадонбай” ҳал этишда, ҳеч шубҳасиз, маҳалла органлари муҳим ўрин тутади.

Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган муҳим тамойилни амалга оширишда биз аввало маҳалла тизимига, маҳалла фаоллари ва фидойиларининг улкан салоҳиятига таянамиз.

Биз маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Шу борада бир фикрни таъкидлаб айтмоқчиман:

Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради.

Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари!

Муҳтарам фахрийларимиз!

Халқ ишончини оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф ҳаммангизга насиб этсин!

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор муборакбод этар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака, масъулиятли ва серқирра фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related Articles

Back to top button