Ўзбекистон

Сурхондарё ҳокими ҳар ойда бир марта афғонистонлик тадбиркорларни қабул қилиб, муаммоларини ўрганади

Бу ҳақда вилоят раҳбари Тўра Боболов воҳада тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўз бизнесини юритаётган қўшни Афғонистон Ислом Республикаси ишбилармон доираси вакиллари билан бўлган учрашувида маълум қилди.

Очиқ мулоқот чоғида, уларнинг ютуқ ва муаммоларини тинглаб, тадбиркорлар ўртага ташлаган масалаларга эътибор қаратди.

Бундан саноқли йиллар муқаддам Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 40 дан ортиқ қўшма ва хорижий корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 300 га яқинлашди. Пандемия дунё иқтисодиётига чанг солган ўтган йили афғон сармоядорлари ҳудудга 33 миллион доллар қийматида инвестиция киритиб, вилоят қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган. Шунингдек, воҳа корхоналари Афғонистонга 42 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни экспорт қилган. Унинг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

– Мурожаатимни эшитган вилоят раҳбари тез кунларда уни ҳал этиб беришга ваъда қилди, – дейди афғонистонлик Камолиддин Камол. – Ўтган йили хорижга 800 минг доллар қийматидаги маҳсулотни жўнатган эдик. Яна 50 тоннага яқин шифобахш маҳсулотимиз бор. Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик бўлгани учун биз ён қўшни воҳага маблағ тикиб, ўз бизнесимизни юритаяпмиз. Кейинги йиллардаги эътибор ва берилаётган имтиёзлардан жуда мамнунмиз. Бу осуда юртингизда бизнесимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Учрашувда Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги бош консули Сангин Скандари, Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консули Жавҳар Фаттоев иштирок этди.

Related Articles

Back to top button