Касбим-фахрим

ТАРБИЯДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ, ТАЪЛИМДА-ЧИ?

Устозимни йўқлаш учун ўзим таҳсил олган мактабга йўл олдим. Мактаб ҳовлисида чоп қиллаб юрган болаларни кўриб, ўқувчилик йилларим ёдимга тушди. Ҳамон ўша бинолар, ўша чинорлару кўркам арчалар. Ўқитувчилар хонасига кирарканман, сочларига аллақачон оқ оралаган, қадди букилган, кўзойнак таққан устозимни овозидан танидим. Йиллар мактаб биносига таъсир қилмаган бўлса-да, муаллимларимизнинг кўринишига таъсир қилибди.

Ўзгача бир завқ ва қувонч билан кутиб олган устозимнинг меҳр тўла кўзлари ёшланди. Ўқувчилик вақтларимизни ёдга олиб, узоқ гурунглашдик. Суҳбатимиз жараёнида гурунгга қўшилган бир нечта ўқитувчининг фикрлари, дунёқарашидан ҳайрон бўлдим. Мендаги ўзгаришни дарров пайқаган устозим бугунги вазиятни тушунтиргандай бўлди.

– Мактабимизда ўқувчилар сони аввалгидан анча камайган. Дарс соатлари етмайди. Жуда кўп ҳамкасбларимиз фарзанд ларини ўқитиш, уй сотиб олиш, дарсдан бўш вақтида тадбиркорлик қилиш мақсадида кредит олган. Кунлар шу қадар тез ўтадики, кредитнинг фоизини тўлаш вақти келиб қолади. Қарзини тўлаш мақсадида ўқитувчилар кўпроқ дарс олишга ҳаракат қилишади. Баъзан икки-уч соат дарсни деб бир-бири билан жанжаллашади ҳам. Қани эди тезроқ беш йил ўтса-ю пенсияга чиқиб кетсам.

Шуларнинг жанжали тугасин деб яқинда йил бошида олган 20 соатимнинг 10 соатини кредит олган ўқитувчиларга бериб юбордим. Ўттизга яқин ўқитувчи онлайн ўтамиз деб икки-учта мактабдан қўшимча дарс олишган. Лекин анъанавий дарс ўтилишига рухсат берилганидан буён уларнинг хатти-ҳаракатини кузатиб, афсусланаётганига гувоҳ бўламан. Ҳар бир мактабдан 12-15 соатлаб дарс олишган. У дарсни ўтишга эса вақти йўқ. Айримлари эса параллел келиб қолган. Кредит тўлайман деб кўп дарс олган ўқитувчилар ўқувчиларга яхши сабоқ бермагани туфайли ўша мактабнинг таълимида сифат иккинчи даражага тушиб қолаяпти. Пенсияга чиққанига тўрт-беш йил бўлганига қарамай 28 соатдан кам дарс олишни истамаган ўқитувчиларимиз ҳам фарзандлари олган кредитни тўлаш мақсадида ишлайди. Улар икки кун мактаб га келса, бир ҳафта бетоблиги сабабли келмайди. Уларнинг дарсини ҳеч ким ўтмайди. Шунданми, ўқувчиларимизнинг таълимга, фанларни ўзлаштиришга муносабати ўзгарган. Ҳамкасбларимнинг лоқайдлигини кузатиб, тўғриси, шу касбни танлаганига афсусланаман.

– Хафа бўлманг, устоз, – дей- ман у кишини юпатган бўлиб. – Вақт ўтиб, ўқитувчиларимиз ҳам аввалгидек хаёлини бўлмай, астойдил ишлайдиган замон ҳам келар. Ҳозир уларнинг ташвиши кўпайган-да. Бунинг устига ойлик маоши…

Гапим оғзимда қолди. Хонага шаҳд билан кириб келган аёлнинг гапларидан қаерга келганимни унутдим.

– Бу нима қилганларинг? Мен ҳафтанинг шанба кунига қўйган дарсларимни ким душанбага кўчирди? Сизларда виждон борми ўзи? Қаерда ёзиб қўйибди ўқитувчининг дарсини унинг рухсатисиз бошқа кунга кўчиришни? Инглиз тили фанини бир ўтиб кўринглар, қанчалик қийин эканини биласизлар. Бошқа мактабда дарсим бўлгани учун бу ердаги дарсимни шанба кунига қўйгандим. Ҳаммангнинг устингдан ёзаман. Керак бўлса вазирликкача бориб, президент билан учрашаман. Ҳеч кими йўқ деб ўйладиларингми?! Юқорида мени қўллайдиган таниш-билишларим етарли. Истасам бир соатда директор бўлишим мумкин. Ўзи берган дарсларинг бор-йўғи 28 соат бўлса. Унга чиқадиган маош билан яшаб бўладими? Машина олиш учун олган кредитимнинг фоизига ҳам етмайди-ку.

Айтиб қўяй, мендан қочиб юрган раҳбарлар узоққа бормайди. Икки минутда ковушини тўғрилаб қўйишга қурбим етади, – деганча хонадаги бўш стулга ўтирган аёлни аввалига танимадим. Кейин унинг қўшнимиз Абдукарим домланинг кенжа келини эканлигини билдим.

Абдукарим домла 30 йил мактабимизда директорлик қилди. У вақтларда мактабимиз битирувчиларининг деярли ҳаммаси институт ё университет талабаси бўларди. Ўқитувчилар ҳам ўқувчиларга меҳр билан сабоқ бергани учун ҳеч ким қўшимча дарсга, репетиторга боришни хаёлига ҳам келтирмасди. Муаллимларимизнинг ҳар бир сўзини, таълим-тарбия борасидаги фикрларини жон қулоғимиз билан тинглардик. Ҳеч бири кредит, ойлик маоши ҳақида гапирмасди. Муҳими, устозларимиз ўша вақтда жамоатчилик ишларида ҳам фаол эди. Ҳафтада бир марта биз ҳам мактаб атрофини ободонлаштиришда қатнашардик. Айниқса, Абдукарим домланинг «Биз берган вазифаларни вақтида бажарганинг биз учун бўлса, ўқиганинг, билганинг ўзинг учун фойда. Таълим-тарбия шунчалик муҳимки, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Улар орасида танаффус ҳам бўлмайди» деган сўзлари ҳозиргача мен учун дастуриламал бўлмоқда.

…Устозим билан суҳбатимиз ўқитувчиларнинг дарсдан кўра кредит тўлашни кўпроқ ўйлашидан бошланиб, машинасининг кредитини тўлолмай қўшимча дарс олган муаллимнинг жанжали билан тугади. Бошқа куни яна келишимни айтиб устозим билан хайрлашдим.

Йўлда кетарканман, оғир ўйлар исканжасида қолдим. Фарзандларимизнинг таълим-тарбиясини ишониб топширган устозларимиз дарснинг сифати, таълим ва тарбияда танаффус бўлмаслигини қачон тушуниб етади? Таълимда йўл қўйилган биргина хато ёшларимизга акс таъсир қилишини улар билишмайдими?

Ҳозир мактабларда ўқитувчиларнинг ойлик маоши кўтарилган, шароитлари ҳам яхшиланмоқда. Бироқ таълим сифатидаги ўзгариш унчалик эмас. Олган дарс соатини масъулият билан ўтиш ҳақида-ку айтмасак ҳам бўлади.

Мақсадимиз устозларимизни уялтириш, танқид қилиш эмас. Аксинча, масъ улиятини ошириш ҳақида ўйлайдиган вақт келди назаримда. Устозларимиз дарсни масъулият билан, сид қидилдан ўтса, боласини олий таълим муассасасида ўқитиб, касб-ҳунарли қилишни ният қилган ота- онал ар уларни қўшимча машғулот учун репетиторга беришига ҳам ҳожат қолмайди.

Нигина ШОЕВА,
журналист

Related Articles

Back to top button