Ўзбекистон

КОНСТИТУЦИЯ — ИНСОН ҚАДРИ, ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИ

Ҳар қандай демократик ва ҳуқуқий давлатнинг тараққиёти, аввало, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қай даражада таъминлангани билан белгиланади. Давлатнинг қудрати фақат иқтисодий салоҳияти ёки моддий бойликлари билан эмас, балки инсон қадрини нечоғлик улуғлаши, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва қонун устуворлигини таъминлаши билан ҳам ўлчанади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ана шу эзгу мақсадларнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилган.

2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонунийликни мустаҳкамлаш борасида янги босқични бошлаб берди.

Ҳар йили 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни сифатида кенг нишонланиши Асосий қонунимизнинг жамият ва давлат ҳаётидаги беқиёс ўрнини яна бир бор намоён этади.

Конституция — тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга ҳужжат Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Бу норма Конституция қоидаларининг фақат умумий декларатив тамойиллар эмас, балки кундалик ҳаётда қўлланилиши лозим бўлган бевосита ҳуқуқий асос эканини англатади.

Яъни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат органларининг ваколатлари, мансабдор шахсларнинг мажбуриятлари ва жамият ҳаётига дахлдор муносабатларда Конституция нормаларига таяниш муҳим аҳамият касб этади.

Конституциянинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, унинг нормаларини кундалик ҳаётда қўллаш кўникмаларини шакллантириш ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий шартларидан биридир.

Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи — инсон ҳуқуқларининг ишончли кафолати

Конституцияда мустаҳкамланган энг муҳим ҳуқуқий кафолатлардан бири — ҳар бир шахснинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқидир.

Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ушбу конституциявий норма суд ҳокимиятининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги алоҳида ўрнини белгилайди.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи фуқаронинг ўз ҳуқуқларини тиклаш, бузилган манфаатларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашдаги энг муҳим воситаларидан биридир.

Судья ҳар бир ишни кўришда тарафларнинг важларини эшитиши, тақдим этилган далилларни ҳар томонлама ва холисона баҳолаши, қонун талабларига қатъий риоя қилиши лозим. Қабул қилинган суд ҳужжати эса қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт.

Шунинг учун ҳам суд фаолиятида адолат, холислик, қонунийлик ва инсон қадрига ҳурмат тамойиллари устувор аҳамиятга эга.

Конституция нормалари кундалик ҳаётимизда Конституцияни билиш фақат ҳуқуқшунослар ёки давлат хизматчиларининг вазифаси эмас. Ҳар бир фуқаро ўзининг конституциявий ҳуқуқ ва бурчларини билиши, улардан тўғри фойдаланиши ҳамда бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши лозим.

Масалан, таълим олиш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг билим ва касб эгаллаши учун имконият яратса, меҳнат қилиш ҳуқуқи муносиб меҳнат шароитларига эга бўлишни кафолатлайди. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги, сўз ва эътиқод эркинлиги, мулк ҳуқуқи каби конституциявий кафолатлар эса инсоннинг эркин ва муносиб ҳаёт кечириши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги керак.

Конституциявий бурчларни бажариш, қонунларга риоя қилиш, бошқа шахсларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳуқуқий маданиятнинг муҳим кўринишларидир.

Конституцияни тарғиб қилиш — ҳуқуқий маданиятни юксалтириш омили  Конституция кунига бағишланган тадбирларнинг аҳамияти фақат байрамона маросимлар билан чекланмаслиги лозим. Ушбу сана аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий онгни ошириш учун муҳим имкониятдир.

Шу мақсадда оммавий ахборот воситаларида мақолалар, таҳлилий материаллар ва ҳуқуқий тушунтиришлар эълон қилиш, ижтимоий тармоқларда Конституция нормаларининг мазмун-моҳиятини очиб берувчи роликлар тайёрлаш, давра суҳбатлари, учрашувлар ва маърифий тадбирлар ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, фуқаролар кундалик ҳаётда дуч келадиган вазиятларни Конституция нормалари асосида тушунтириш орқали Асосий қонуннинг амалий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мумкин.

Бунда суд органлари томонидан олиб бориладиган ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Чунки суд амалиётида учрайдиган ҳаётий мисоллар орқали фуқароларга ўз ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари ва қонун талабларига риоя этиш заруратини тушунтириш мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Конституция — шунчаки давлатнинг асосий қонуни эмас, балки ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва муносиб ҳаётини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий кафолатдир.

Унинг нормаларини билиш, ҳурмат қилиш ва кундалик ҳаётда уларга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир.

Зеро, Конституцияга ҳурмат — қонунга ҳурмат, қонунга ҳурмат эса адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров

 

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button