Ўзбекистон

Соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хаджибаев АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисини қабул қилди

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Хаджибаев AҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди. Мақсад — соғлиқни сақлаш соҳасидаги келгуси ҳамкорлик сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилиш.

Мулоқот давомида элчи мамлакатимизда COVID-19 билан курашиш борасида оператив ва ўз вақтида самарали чоралар кўриш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган улкан ишларни қайд этиб ўтди.

Д. Розенблюм пандемия пайтида ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг қаҳрамонларча тинимсиз олиб борган меҳнати таҳсинган лойиқ эканини айтди.
Ўз навбатида, вазир ушбу ишни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. A. Хаджибаев AҚШ нафақат моддий ва гуманитар, балки консультатив ёрдам ҳам кўрсатганини таъкидлади.

Коронавирусга чалинган беморларни даволаш соҳасида маълумот алмашиш мақсадида икки мамлакат мутахассислари иштирокида қатор видеоконференциялар ташкил этилди.

Тадбирда, шунингдек, AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани хусусида ҳам гап борди. Жумладан, жорий йилнинг март ойида умумий қиймати 15 миллион доллардан ортиқ бўлган силга қарши курашиш бўйича тўртта янги лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳа даврида дори-дармонларга чидамли сил касаллиги билан хасталанган беморларга ёрдам бериш ва сил касаллигига қарши курашиш учун янги дорилар ва диагностика технологиялари жорий этилади.

Бундан ташқари, океан орти мамлакати COVID-19 га қарши кураш учун 9 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратди. Бу техник кўмак, лаборатория ускуналари ва тест тизимлари, шунингдек, мамлакат бўйлаб шифохоналарда ўрнатилган 200 та сунъий нафас бериш аппаратларини ўз ичига олади.

Шунингдек, Ўзбекистон AҚШ билан фармацевтика соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда мамлакатимизда АҚШнинг 10 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг 46 турдаги дори воситаси, 39 та ишлаб чиқарувчиларнинг 108 турдаги тиббий асбоб-ускуналари, 30 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг 79 номдаги тиббий буюмлари рўйхатдан ўтган.

Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида йод-бром маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун “GRP International” компанияси томонидан “Asian Pharmaceutical Industrial Group KRG” қўшма корхонасини ташкил этилди.

Мулоқот давомида томонлар замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш, юқори тиббий технологияларни қўллаш орқали аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида янги иш ўринларини яратишга қаратилган тиббиёт соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар. Шунингдек, мутахассислар орасида ўзаро тажриба алмашиш, AҚШнинг етакчи клиникаларида нафақат давлат тиббиёт муассасалари ходимлари, балки хусусий сектор вакиллари учун стажировка ўташни ташкил этиш тўғрисида ҳам қатор келишувларга эришилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button