Касбим-фахрим

Ҳоким ва ёшлар учрашуви: Қизириқда Павловния етиштириш учун ер майдони ажратиладиган бўлди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов секторлар раҳбарлари – вилоят прокурори С.Турдиев, ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Исмоилов, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи О.Ҳақназаров, Миллий гвардиянинг вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов билан биргаликда қизириқлик бир гуруҳ фаол ёшлар билан мулоқот қилди.

— Бугун мамлакатимизда юксак маънавиятли авлод тарбияланмоқда. Ёшларнинг орасида янгича ўйлайдиган, инновацион ғояларини амалга татбиқ эта оладиган кучлар борлиги бизни қувонтиради. Сиз ёшларнинг ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаш, муаммоларингизни ҳал этиш ҳар бир ҳокимнинг, ҳар бир сектор раҳбарининг, ҳар бир ташкилот ва идора раҳбарининг устувор вазифаси ҳисобланади. Ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талаби доимий диққат-эътиборимизда бўлади, — деди вилоят ҳокими.

— Менда бир таклиф бор, — деди учрашувда сўз олган Мирзоумар Имомқулов. — Биласизлар, Павловния деган ўсимлик энг тез ўсиши, қимматли ёғоч, асал, биомасса манбаи эканлиги билан бошқа дарахтлардан ажралиб туради. Павловния ёғочидан деярли ҳамма нарса – мебелдан бошлаб, мусиқий асбобларгача ясаш мумкин. Қизириқ шароитида унинг кўчатларини етиштиришга бўлган қизиқишим, аъло сифаттли юқори ёғоч маҳсулдорлиги ва анчагина даромадлилигини инобатга олиб, менга ер майдони ажратилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Бу таклиф жўяли деб топилди. Мирзоумар ва у сингари Павловния етиштиришга иштиёқи бўлган ёшларга туман ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратиладиган бўлди. Бу эса уларнинг зарур кўникмалар ҳосил қилишларига йўл очади, оилаларига иқтисодий жиҳатдан наф келтиради.

Мулоқот давомида йигит-қизлар томонидан шундай эътиборли ва қизиқарли таклифлар, кутилмаган креатив лойиҳалар, тенгқурларини ташвишга солаётган муаммолар ўртага ташланди. Ёшларни ўйлантираётган муаммоларга ечим изланди, янги ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. Ечими вақт талаб этиладиган масалаларга муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

“Тўра Абдиевич ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, масала ечими юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Бу бизнинг ишончимизга ишонч қўшди. Мулоқотдан кўнглимиз тўлди, албатта.”, дейди М.Имомқулов.

Related Articles

Back to top button