Ўзбекистон

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимидаги нутқи

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари ва кўргазма иштирокчилари!

Авваламбор, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Жаноби Олийларига Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Ушбу тадбирга ўз мамлакатларининг иқтисодий муваффақиятлари, энг янги ишланма ва маҳсулотларини намойиш этиш мақсадида йиғилган барча иштирокчиларни қутлайман.

Бугун ЭКСПО-2020 кўргазмасида 180 мамлакат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Бу ХХРнинг хорижий шериклар билан муносабатлари суръати ортиб бораётганининг ёрқин далилидир.

Афсуски, коронавирус пандемияси халқаро иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон савдоси ҳажмлари камайди, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқалари қисман узилди.

Пандемия келтириб чиқарган глобал ижтимоий-иқтисодий инқироз икки томонлама ва минтақавий даражада янада яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликка ўткир зарурат борлигини кўрсатди.

ЭКСПОдек йирик тадбирнинг ўтказилаётгани Хитойнинг миллий иқтисодиётни тиклашда эришаётган муваффақиятларидан ҳамда кенг кўламли халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ниҳоятда зарур эканидан далолат беради.

Бундай халқаро майдонлар иқтисодий мулоқотни ривожлантириш ва пандемия келтириб чиқарган глобал ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тез фурсатда ҳал этишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, коронавирус инфекциясига қарши курашишда Ўзбекистонга кўрсатилган салмоқли ёрдам ва кўмак учун Хитой Халқ Республикаси раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирмоқчиман.

Ҳурматли кўргазма иштирокчилари!

Ўзбекистон Хитой билан иқтисодиётларимиз ўзаро бир-бирини тўлдириб туриши асосида кенг иқтисодий шерикликда катта истиқболларни кўрмоқда.

Мамлакатимиз Шанхайда ўтказилган аввалги ЭКСПО кўргазмаларида фаол иштирок этди, бу икки томонлама савдо ва инвестициявий ҳамкорликка катта суръат бағишлади.

Бу сафар ҳам Ўзбекистон компаниялари, пандемияга қарамай, ушбу тадбирда кенг иштирок этмоқда.

Қадрли дўстлар!

Хитой Халқ Республикаси Раисининг савдо соҳасида барқарорликни таъминлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, шунингдек, турли мамлакатлар иқтисодиётларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш орқали глобал иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган янги стратегик курси Ўзбекистонда юксак баҳоланмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг энг муҳим жиҳатларига тўхталишни истардим.

Биринчидан. Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни, шу жумладан ташқи савдо режимини либераллаштириш изчил амалга оширилмоқда.

Жаҳон савдо ташкилотига кириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича масалалар ҳал қилинмоқда.

Норматив-ҳуқуқий базамизни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Божхона-тариф, фискал тартибга солиш ва экспорт-импорт процедуралари механизмларини такомиллаштиряпмиз, уларни сезиларли даражада соддалаштиряпмиз, “яшил йўлаклар”ни шакллантириш давом этмоқда.

Икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатурасини келишиш ва уларни ишлаб чиқариш лойиҳаларига инвестициялар йўналтирилишини рағбатлантириш таклиф этилади.

Иккинчидан. Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим йўналиш ҳисобланади.

Ўзбекистонда транспорт-транзит салоҳиятини жадал ривожлантириш, минтақада қуруқликдаги коммуникацияларнинг самарали тизимини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Биз минтақавий ва ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очиб бераётган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини фаол қўллаб-қувватладик.

Бугун Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврларида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг хабига айланиши мумкин.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги очилганини олқишлаймиз, ушбу маршрут бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдоримиз.

Шунингдек, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “қуруқликдаги портлар”, логистика ва улгуржи-дистрибьюторлик марказларининг интеграциялашган тармоғини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф этамиз.

Марказий ва Жанбуий Осиё темир йўллари тизимларини боғлайдиган янги транспорт йўлакларини яратиш борасидаги ташаббуслар катта аҳамиятга эга.

Бу Евроосиё қитъасидаги қуруқлик транспорти тизимини туташтириш имконини беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифини илгари сурган эдим.

Ушбу ташаббус шериклар ва халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишига умид қиламиз.

Учинчидан. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ўзининг индустриал тараққиётини жадаллаштирмоқда. Биз хомашё экспортини қисқартириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва кўпайтириш сиёсатини амалга оширяпмиз.

Шу маънода, саноат кооперациясини фаол ривожлантириш, биринчи навбатда, минерал-хомашё ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва экспорт бозорларига чиқиш учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхоналар ташкил этиш тарафдоримиз.

Шу мақсадда саноат кооперацияси бўйича қўшма дастур қабул қилишни ҳамда қўшма инвестиция фондлари, сармояларни кафолатлаш ва суғурталаш каби воситалар ёрдамида  икки мамлакат бизнес вакилларини аниқ лойиҳаларни амалга оширишга рағбатлантиришни таклиф этамиз.

Тўртинчидан. Пандемия муносабати билан иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этди.

Халқаро савдо, божхона расмийлаштируви, транспорт, таълим соҳаларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Электрон савдо майдончаларидан фойдаланиш ҳисобига савдо ҳажмларини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон электрон тижорат соҳасида истиқболли таклифларни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр.

Бешинчидан. COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал кун тартибининг асосий масаласи бўлиб қолмоқда. Ушбу инқироз узоқ давом этиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўз-ўзидан равшанки, ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, тиббий товарларга эҳтиёжларнинг ортиши, молиявий беқарорлик ва глобал етказиб бериш занжирларининг бузилиши шароитида ҳеч бир мамлакат якка ҳолда пандемиянинг салбий оқибатларини енгиб ўта олмайди.

Вазият ушбу ҳаётий муҳим масалада жипслашишни, мувофиқлашган ва, энг муҳими, самарали ҳаракатларни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни, пандемия ва трансчегаравий тусдаги эпидемиологик таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишни кучайтиришни таклиф этамиз.

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

ЭКСПО-2020 якунлари жаҳон савдосини тиклаш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнига қўшимча суръат бағишлашига ишонамиз.

Кўргазманинг барча иштирокчилари фаолиятига муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Related Articles

Back to top button