Касбим-фахрим

Сурхондарёда солиқ қарздорлигини ўз вақтида тўламаган жамият кўчмас мулкидан ҳам айрилиши мумкин

Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими иш юритувига Шеробод туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан қарздор “SHEROBOD AGROSERVIS MTP” МЧЖдан туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига жами 288 миллион 721 минг сўм солиқ қарзи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.

Бюронинг туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздор корхонага ихтиёрий муддат берилган ҳолда огоҳлантирилган.

Тегишли тартибда огоҳлантирилишига қарамасдан қарздор жамият томонидан солиқ қарздорлиги тўланмаганлиги сабабли қарздорга тегишли “Доминатор-130” русумли 2 та ғалла ўриш комбайини борлиги аниқланиб, бўлим томонидан хатловга олинган.

Хатловга олинган 2 та ғалла ўриш комбайнлари тегишли тартибда баҳоланиб, реализация қилиш учун “E-AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилди. Бўлиб ўтган онлайн аукцион савдолари натижаларига кўра, ғалла ўриш комбайнларининг ҳар бири 92 миллион 477 минг сўмдан, жами 184 миллион 954 минг сўмга сотилди.

Ушбу мол-мулкларнинг сотувидан тушган пул маблағлари солиқ қарздорлигига йўналтирилди ва қолган қарздорликни сўндириш мақсадида жамиятнинг кўчмас мулки хатловга олиниб, реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.

Қарздор жамият қолган қарздорлигини яқин кунларда тўлаб бермаса кўчмас мулкидан ҳам айрилиши мумкин.

Солиқ қарздорликларини ундириш борасидаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.

Салоҳиддин Ахмедов,

Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими бошлиғи ўринбосари

Related Articles

Back to top button