Касбим-фахрим

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, ҳурматли  журналистлар, қадрли оммавий ахборот воситалари вакиллари, азиз блогерлар!

 

Бугунги янгиланишлар, ўзгаришлар жараёнини оммавий ахборот воситаларининг мураккаб ҳамда масъулиятли фаолияти-сиз тасаввур эта олмаймиз.

Кўпчилигимиз журналистлик фаолият ҳақида умумий маълумотга эгамиз холос. Аслида бу касб эгаларининг иш фаолияти жуда мураккаб, ҳар бир материал ёки лавҳани тайёрлашда қанча меҳнат-машаққат ётганлиги англаш қийин эмас.

Ҳозирда, журналистлар билан бир қаторда матбуот котиблари ҳамда блогерларнинг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз, улар доимий равишда тинб-тинчимасдан халқ муаммоларини кўтариб чиқиб, тегишли ташкилотлар орқали ечимини топишда ўзининг беминнат ҳиссаларини қўшмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, блогерларнинг ҳаракатлари баъзи ташкилот раҳбарларига ёқмаслиги мумкин, аммо лекин, муҳтарам Юртбошимиз блогерлар харакатини ижобий баҳолаб, жамиятимизда учраётган муаммоларни ечишдаги хизматларини ҳисобга олиб, сўз эркинлиги борасида сиёсат қатъийлиги, бу сиёсатдан ортга қайтиш бўлмаслигини алоҳида қайд этган эдилар.

Бу борада, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқ-ларини кафолатлаш борасида етарли даражада қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, журналистларнинг хуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш, барча веб-ресурслардан фойдаланиш ҳамда ахборот майдонида фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш борасидаги амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ҳусусан, Сурхондарё вилоятида фаолият олиб бораётган
36 та босма оммавий ахборот воситалари, 3 та телевидение, 1 та радио ва 3 та  ижтимоий веб-сайтлар аҳолининг ахборотга бўлган талабини қондиришга хизмат қилмоқда. Улар томонидан вилоятнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар, кенг қамровли бунёдкорлик ишлари ва муаммолар мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиб беришда етакчи рол ўйнаётганлиги ҳам уларнинг жамият олдидаги бурчи шарафли эканлигини амалда намоён этмоқда.

Журналист ҳамиша уйғоқ, ҳаётни теран англайдиган, жамиятнинг қувонч ва ташвишлари билан бирга яшайдиган, шу билан бирга камчилик ва нуқсонларга муросасиз бўлиши лозим.

Азиз журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, воҳамизда фаолият кўрсатаётган барча ОАВ вакилларини, қалби қайноқ журналистларни  касб байрами билан самимий муборакбод этаман!

Холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, янгиланиш ва инновация жараёнларини кенг ёритиш, ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан ишларизда муваффақиятлар ёр бўлсин!

Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин, оилаларизга хотиржамлик, ижодий баркамоллик тилайман!

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи С.А.Саломов

 

Related Articles

Back to top button