Касбим-фахрим

МИБ: 1 август кунига қадар истеъмолчилар билан ишлаймиз

Давлатимиз раҳбарининг 18 июнь куни “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6010 сонли Фармони қабул қилинди.

Унда комунал соҳа бўйича мажбурий тўловларни ундириш механизмини амал оширилиши назарда тутилмоқда.

Бу жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларимизда турли фикр ва мунозараларга сабаб бўлди. Аслида, биз 3 йил олдинги тарихга назар соламиз.

Эсингизда бўлса, бундан 3-4 йил аввал ҳам коммунал хизматларнинг ҳар бир тури учун алоҳида-алоҳида идораларга пул тўлардик. Айниқса, дам олиш кунлари гоҳ электр, гоҳ газ идорасидан ё бўлмасам сувга, чиқиндига пул сўраб бирин-кетин эшик тақиллатиб келишлар ҳам ҳали кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Бундан 3 йил аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилиши билан ана шу тўловларнинг ҳаммаси битта жойга жамланди. 29.05.2017 йилдаги Президент Фармонига мувофиқ, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Мажбурий ижро бюроси қисқа вақт ичида ташкил этилган куниданоқ, жамоатчиликнинг эътиборида бўлди.

Хўш, Мажбурий ижро бюроси ўз вазифасини қандай уддалади?

Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутувчи коммунал соҳа муаммоларига ечим топиш борасида ижобий натижаларга эришилдими?

Аввало, МИБ томонидан белгиланган вазифалар – энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилди.

Шу боис, кейинчалик Бюрога қаттиқ маиший чиқиндилар учун мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш ҳам қўшимча вазифа сифатида юкланди.

Қисқа вақт ичида суд ва бошқа органлар қарорлари ижросини таъминлаш, энергия ресурслари бўйича қарздорликни камайтириш борасида ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Иқтисодиётимиз равнақи учун коммунал соҳада йиллар давомида тўпланиб келган тизимли муаммолар ва ҳисоб-китоб ишлари ўз ечимини топди.

Бир сўз билан айтганда, Мажбурий ижро бюросига юклатилган вазифалар амалда бажарилди ва уни эндиликда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш борасида давлат сиёсатини амалга ошириб келаётган Энергетика вазирлиги зиммаси ўтказиш вақти келган эди.

Шу ўринда қисқача, Бюро томнидан бажарилган ишларга тўхталсак.

Мисол учун: Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 94,3 трлн. сўм ундирилди (электрдан – 45,8 трлн., газдан – 46,1 трлн., ичимлик сувидан – 1,9 трлн., чиқиндидан – 0,4 трлн.).

Ўтган давр ичида энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда талон-торож қилиниши билан боғлиқ 1,2 трлн. сўмлик зарар аниқланиб, 1046 та жиноят иши қўзғатилган.

Нореал ва асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш бўйича 1 трлн. 344 млрд. сўмлик 244 та жиноят иши қўзғатилди.

Энергия ресурслари соҳасида дебитор қарздорлик 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига 14,1 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан (14,5 трлн.) 385 млрд. сўмга камайтирилди. Энергия ресурслари истеъмолчилари тўлиқ инвентаризация қилинди.

Юқорида, биз Бюро органларида сув таъминоти тўловларни қабул қилиш ва соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш вазифаси юклатилганини ҳам эсга олган эдик.

Бюро органларига сувдан ноқонуний фойдаланиш, ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларининг олдини олиш, сув таъминоти учун тўловларни ундириш вазифаси ҳам юклатилди ва биргина, 2019 йилда сув истеъмоли бўйича қарздорлардан 1,1 трлн. сўм ундирилди. Бу бюро ташкил этилмасдан олдинги кўрсаткичга нисбатан 200 фоиз кўп.

Шу ўринда, энергия ресурслари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳам Бюро ходимларига осон кечмаганини эслаб ўтиш жоиз.

Биргина, ўтган 2019 йил давомида Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 132 та ҳолатлар аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилди.

Бюро ташкил этилгандан буён 4 нафар ходимлар ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этган, 200 дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.

Жорий йилда ҳам Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан 14 ҳолат аниқланди.

Юқорида таъкидланганидек, Бюрога юклатилган вазифалар залвори ишни аста йўлга қўйишга фурсат қолдирмади. Аксинча, дарҳол оёққа туриши шарт қилинди.

Боиси, коммунал соҳа оғриқли соҳаларимиздан бирига айланиб қолган, тушунарлироқ қилиб айтганда тизим “реанимация”га тушиб қолган эди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, МИБга тизимни тезроқ даволаб, оёққа турғазиш талаби қўйилган эди.

Муҳими – юртдошларимизда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тўлов интизомига риоя қилиш маданияти шакллана бошлади.

Эндиликда, ушбу вазифалар Энергетика вазирлиги томонидан тизимли равишда олиб борилади, деб ҳисоблаймиз. Чунки кейинги йилларда ушбу вазирликда бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди.

Шу ўринда аҳолимиз яхши билиши лозимки, Мажбурий ижро бюроси зиммасидаги электр, газ ва маиший чиқиндилар учун тўловларни ўз вақтида ҳамда ундириб олиш бўйича вазифалар – Энергетика вазирлигига жорий йилнинг 01 август кунидан эътиборан ўтказилади.

МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси 

Related Articles

Back to top button