Касбим-фахрим

Шавкат Мирзиёев: Ишимизга одамларнинг кўзи билан баҳо беришимиз керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Андижон вилоятига келди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.

— Иқлим шароити юртимизга ўхшаш хорижий давлатларда пахтадан 70 центнергача ҳосил олишади. Қандай қилиб? Илм билан, ақл билан. Андижонда ер камлигини ҳисобга олиб, ундан икки карра самарали фойдаланиш зарур. Ишсиз, даромади етарли бўлмаган минглаб одамлар бор. Ишимизга ўшаларнинг кўзи билан баҳо беришимиз керак, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

— Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон? — дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев.

Агротехнологияларни ривожлантириш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг Андижон вилояти филиали негизида қишлоқ хўжалиги йўналишида алоҳида олий таълим муассасаси ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

“Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигининг умумий ер майдони қарийб 76 гектар. Жорий йилда ғалланинг ҳар гектаридан 20, пахтадан 10 центнердан қўшимча ҳосил етиштириш режалаштирилган. Ғалла ҳосилдорлиги 81 центнер бўлиши кутилмоқда.

Фермер хўжалигида 60 киши доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Чорвачилик, асаларичилик йўлга қўйилган.

Шу ерда пахтачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари қайта жиҳозланган автобусда ташкил этилган сайёр лаборатория билан ҳам танишди.

Related Articles

Back to top button