Касбим-фахрим

АСАЛ – МИНГ ДАРДГА ДАВО

Ота-боболаримиз асаларичиликни етти хазинанинг бири санашган. Боиси асал шифобахш неъмат сифатида ўз таркибида инсон организми учун зарур етмишга яқин микроэлементларни жамлаган. Бундан ташқари асаларидан олинадиган она сути, гул чанги, прополис бир қатор хасталикларга даво эканлиги кўпчиликка аён.
Шўрчилик Хасан Шариповнинг оиласини ҳамма «Асалчилар оиласи» деб атайди. Хонадон аъзолари асаларичилик соҳасининг бошини тутганига 40 йилдан ошди. Уларнинг кундалик иш тартиби деярли ҳар куни шундай: хонадон сохиби Хасан ака уйқуга ётишдан олдин ва эрталаб уйғонганда, биринчи навбатда асалари уяларидан хабар олади.

Кечаси усти очилиб қолган боласининг устига кўрпа тортиб қўйган меҳрибон отадек, ҳаво салқин бўлса уялар устига ёпинчиқ ташлайди, ишчи арилар иш бошладими-йўқми, деб қараб чиқади.
– Ота-бобом асаларичилик билан шуғулланган ва мен ҳам улар анъанасини давом эттиряпман – дейди Хасан Шарипов. – 42 йилдан буён асалари боқиш билан шуғулланаман. Асаларичиликнинг барча сир-синоатларини бобомдан ўрганганман. Айни кунда олти юз қутига яқин асалариларни меҳр билан парвариш қилмоқдамиз. Асалчилик билан шуғулланиш нафақат инсон саломатлиги, балки табиат, қишлоқ хўжалиги учун ҳам жуда фойдали.

Асалнинг инсон саломатлигига кони фойдалиги ҳақида кўп эшитганмиз, аммо асалари сути, гул чанги, прополиснинг фойдалари ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз. Х.Шариповнинг айтишича, асалари сути (апилак) кам қонлик, стенокардия, қувватсизлик, иммунитетни мустаҳкамлашда кимёвий препаратлардан анча устун экан. Энг муҳими, табиий тоза маҳсулот инсон организмига зарар етказмайди.

Туманда асаларичиликни ривожлантириш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Ишнинг кўзини билган асаларичи Хасан Шарипов ўтган йили парваришланган 500 та асалари оиласидан 10 тонна 200 килограмдан зиёд шифобахш асал жамғарган. Албатта, ён-атрофдаги хонадон ва хўжаликлар мана шу заҳматкаш оиладан кўп нарсани ўрганишлари, ўзлаштиришлари лозим.
Айни пайтда Шариповларнинг асаларичилик хўжалигидаги 600 та асалари уясида 1200 асалари оиласи бор. Шариповлар хонадони асал етиштириш билан бирга, она асалариларни кўпайтириш, тарқатиш билан ҳам шуғулланади. Ҳар йили эрта баҳорда асалари қутилари тоққа олиб чиқиб қўйилади.

— Асаларичилик сердаромад бўлгани билан, мураккаб соҳа, — дея сўзида давом этади қаҳрамонимиз. — Чунки асалари жуда нозик ҳашарот. Яхши парвариш, меҳр ва эътибор талаб қилади. Бунинг учун эса тинимсиз меҳнат, изланиш, ҳафсала ва энг муҳими, соҳага доир билим ва малака талаб этилади.

Шўрчи тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button