Касбим-фахрим

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ходимлари фахрийлар ҳолидан хабар олдилар

9-май-“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ходимлари ташаббуси билан ҳам прокуратура органларида фаолият юритиб, бевақт вафот этган ходимларнинг яқинлари ҳолидан хабар олинди. Ҳамда мазкур тизимда кўп йиллар меҳнат қилиб ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийларга ҳурмат эҳтиром кўрсатилди.

Инсон қайси соҳада фаолият олиб бормасин касбини севса, унга умрини бахш этади. Ҳаётининг ажралмас бир қисмига, мазмунига айланган касби сабаб жамиятда ўз ўрнини эгаллайди. Марҳум Шерзод Ҳаитов ҳам ана шундай инсонлардан бири эди.

У 2011 йилда институтни тамомлаб келгач, мутахассислиги бўйича бир муддат фаолият юритиб, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлимида инспектор лавозимида ишлай бошлаган.

Қисқа умри давомида тизимда ҳалол меҳнат қилиб, кимгадир шогирд, яна кимгадир устоз бўла олди. Бир қатор ютуқларга эришди. 2019 йил февраль ойида навбатдаги хизмат сафарига кетаётган вақтда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси сабаб, у ҳаётдан бевақт кўз юмди. Бироқ, Шерзод Ҳайитовнинг хотираси ҳамкасблари ва яқинлари қалбида абадий яшамоқда.

Байрам муносабати билан соҳа ходимлари Шерзод Хаитов каби ватанпарвар инсонларга устозлик қилган фахрийлардан бири, айни дамда фарзандлари, набиралари ардоғида бўлган Шербой Маматовнинг ҳам хонадонига ташриф буюришди.

Дастлаб иш фаолиятини Шўрчи тумани прокуратураси ҳузуридаги солиққа оид жиноятларга қарши курашиш бўлими инспекторилигидан бошлаган воҳадошимиз, прокуратура органларида турли лавозимларда ишлаб келган.

2017 йил Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Шеробод туман бўлими бошлиғи лавозимида иш юритиб, 2019 йилда Бюронинг Термиз шаҳар бўлим бошлиқлигидан пенсияга кузатилган.

Шербой Маматов иш фаолияти давомида кўплаб ёшларга устозлик қилган. Шогирдларига сидқидилдан касбини севишни, оиласини қадрлашни ўргатган. Шу боисданми, ҳар бир шогирди отахонга ўз фарзандидек яқин бўлиб қолган.

Шербой Маматов каби инсонларнинг ҳаёт йўлларидан андоза олишимиз ва тажрибаларига таянишимиз лозим. Албатта, ана шундай тадбирлар мамлакатимизда инсон қадри нақадар улуғлигидан далолат бериши билан бир қаторда, ёш авлодни кексаларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳам хизмат қилади.

 

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси

Related Articles

Back to top button