Касбим-фахрим

ҚУМҚЎРҒОН ТУМАНИДА ТРАКТОРИ ВА ТЕХНИКАЛАРИ БЎЛГАН ДЕҲҚОННИНГ ИШЛАЙДИГАН ЕРИ ЙЎҚ…

Таҳририятимизга Қумқўрғон тумани “Шерози” маҳалласида яшовчи Шодмонов Муродилла келиб мурожаат этди. Умри деҳқончиликда ўтган, 40 йилдан бери деҳқончилик билан шуғулланган, Сурхоннинг асл деҳқони билан суҳбатлашар эканмиз, унинг Қумқўрғон тумани ҳокимлиги  мансабдор шахсларининг ҳаракатлари тўғрисида шундай ҳикоя қилади:

-Менинг ўғлим Йўлдошев Махмуд Қумқўрғон  туман ҳокимининг 2015 йил 21 ноябрдаги 1162-сонли қарори билан 49,80 гектар ер майдонини 40 йил муддатга ижарага олиб “Элдорбек даласи” фермер хўжалиги ташкил этиб фаолият юритиб келарди.

Бошқа фермерлар қатори ўғлим Махмуддан ҳам ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинишини сўраб ариза ёздириб олишди ва Қумқўрғон туман ҳокимининг 2019  йил 22 январдаги 234-сонли қарори билан “Элдорбек даласи” фермер хўжалиги билан ер майдонини ижарага бериш шартномаси бекор қилинди.

Бизнинг фермер хўжалигимиздан қайтариб олинган ер майдони “Жасурбек Абдураимов” фермер хўжалигига  қўшиб берилди, биз ҳам 4 нафар ўғилларимиз билан шу фермер хўжалигида ишлай бошладик.

Ўтган йили“Жасурбек Абдураимов” фермер хўжалиги таркибида ишлаган пайтимизда, бизнинг фермер хўжалигимиздан қўшилган ер  майдонида ғалла, пахта ва пилла топшириш шартномалари ортиғи билан бажарилди. 2019 йил охирларида 2020 йил ҳосили учун  ғаллани экиб, ғаллани ниҳолларини суғориб, парваришлаб, кейинги мавсумга ариқларни тозалаб бўлганимиздан сўнг, яъни 2020 йил 1 январда  “Жасурбек Абдураимов” фермер хўжалиги бошлиғи бизга: “Сизларнинг “Элдорбек даласи” фермер хўжалигидан қўшилган ер майдонини ҳокимият бошқа фермер хўжалигига бериб юборди”-деб бизни ишдан озод этди.

Бир оилада мен, тўрт нафар ўғлим ва яна икки нафар ишчиларимиз ишсиз қолдик. 2019 йил 8 декабр куни Қумқўрғон туман ҳокими номига бизнинг  “Элдорбек даласи” фермер хўжалиги ташкил этиб фаолият юритиш учун рухсат берилишини илтимос қилиб мурожаат этдик.

Менга 2019 йил 18 декабрда туман Ер ресурслари ва давлат кадастри томонидан юборилган жавоб хатида “…мурожаатингизда сўралаётган  ер майдони ҳозирги кунда туманда фаолият юритаётган “Жасурбек Абдураимов” фермер хўжалиги тасарруфида эканлиги аниқланди.” –дейилган ва  фермер хўжаликларига ер участкалари танлов асосида берилиши маълум қилинган.

Деҳқончилик  соҳасидаги кўп йиллик тажрибам, ерга ишлов бериш учун барча техникаларим ва ишчи кучимиз етарли бўлганлиги учун мен имкониятлардан келиб чиқиб туман ҳокимлигига такрорий ариза билан мурожаат этдим.

Бу гал яна шу Қумқўрғон туман  Ер ресурслари ва давлат кадастри бошлиғи  Н.Жўраев томонидан 2020 йил 20 январ куни юборилган жавоб хатида: “…Сизнинг аризангизда сўралаётган  ер майдони ҳозирги кунда туманда фаолият юритаётган “Жасурбек Абдураимов” фермер хўжалиги тасарруфида эканлиги аниқланди.

Сизнинг аризангизда сўралаётган  ер майдони ҳозирги кунда туманда фаолият юритаётган “Жасурбек Абдураимов” фермер хўжалиги туман ҳокимлиги захирасига қайтарилгандан сўнг… танловда иштирок этиб, ғолиб бўлган тақдирингизда ажратиб берилишини маълум қиламиз.” –дейилган.

Лекин яна шу туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бошлиғининг 2020 йил 25 мартда менга юборган жавоб хатида: “Сизнинг аризангизда сўралаётган  ер майдони ҳозирги кунда Қумқўрғон туман ҳокимининг 2020 йил 19 мартдаги 450-сонли қарорига асосан  “Олмапоя гавҳари” фермер хўжалиги ажратиб берилганлиги аниқланди.

…сўралаётган ер майдонининг ажратиб берилишининг имкони йўқлигини маълум қиламиз”

Мен бир йилдан бери сўраб юрган  ушбу ер участкаси Қумқўрғон туман ҳокимининг 2020 йил 19 мартдаги 450-сонли қарори билан  ҳеч қандай танловларсиз янги ташкил этилган “Олмапоя гавҳари” фермер хўжалигига бериб юборилибди. Агар танлов ўтказилганда менга хабар беришарди,  чунки мен шу ер масаласи бўйича туман ҳокими Р.Б.Гаппаровга учрашганимда, ҳоким: “Ушбу ер ҳеч кимга берилмайди!” деб қатъий айтганди.

Мен 20 йилдан бери ушбу ер майдонида меҳнат қилдим, ушбу ернинг ҳар  қаричини ёддан биламан. 2 та чопиқ ва ҳайдов тракторим, ҳамда ерга ишлов бериш учун барча мосламаларим етарли.

Менинг умрим ер билан тиллашиб ўтибди экан, лекин раҳбарларнинг, айниқса Қумқўрғон туманидаги фермер хўжаликларига ер ажратиш комиссияси аъзоларининг  “ тили”ни тушунмабман.

Ҳа, ерга ишлов бериш учун тарктори бўлган, ер ҳайдаш учун плуги, чигит экувчи сеялка, култивация ва деҳқончилик қилиш учун барча техникаси бўлган, тўрт нафар  кучга тўлган ўғиллари бўлган деҳқон ер ололмай сарсон бўлиб идорама-идора юрибди.

Ўйлаймизки, деҳқоннинг ҳақли эътирозини туман ва вилоят раҳбарлари ўрганиб чиқиб, у кишига ёрдам беради.

Оловжон

Related Articles

Back to top button