Ўзбекистон

Сурхондарёда 55 мингта оилани камбағалликдан чиқариш лозим

Президентимиз раислигида 7 май куни Андижон, Навоий ҳамда Сурхондарё вилоятлари туман ва шаҳарларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоятимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг қуйидаги муҳим йўналишлари кўрсатиб ўтилди:

✔️Сурхондарёда 55 мингта оилани камбағалликдан чиқариш лозим. Кичик корхоналарни кўпайтириш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш зарур.

✔️ Шеробод туманида гиламдўз ҳунармандлар бор. Бандихон туманида эса гилам учун зарур хомашё – қўй ва эчки жуни кўп. Мазкур қўшни туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш орқали йилига 85 тонна жун ва терини қайта ишлаш мумкин.

✔️ Олтинсой туманида электр таъминоти яхши эмаслиги сабабли йилига етиштирилаётган 80 минг тонна узум ва 13 минг тонна ғаллани қайта ишлаш имкони чекланмоқда. Шунингдек, у ерда қурилишда талаб бўлган 10 миллион тонна пардозбоп тош захираси мавжуд.

✔️ Олтинсой туманида бирорта бозор йўқ. Бундан ташқари, туман ҳудудидан ўтган “Мангузар-Термиз-Денов” автомобиль йўлида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этса бўлади.

✔️ Сурхондарё вилоятининг табиий иқлим шароити бошқа ҳудудлардан фарқ қилиб, воҳада икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имконияти мавжуд.

Мисол учун, Шеробод тумани анорларига талаб юқори. Лекин, анорзорлар атиги 32 гектарни – тумандаги экин майдонларининг 0,1 фоизини ташкил қилади. Ҳосилдорлиги паст пахта ва ғалла майдонлари ўрнида анор плантациялари барпо этилса, 10 баробар кўп даромад олиш, 30-40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мумкин.

✔️ Музработ туманида 2 минг, Қумқўрғон туманида 1,2 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириб, банд бўлмаган аҳолига бўлиб бериш ва эртаки маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Бунинг натижасида қарийб 4 мингта янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари шу каби кўплаб имкониятларни кўрсатиб ўтиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга Андижон, Навоий ва Сурхондарёда 33 гектар ер ва 5,3 минг квадрат метрли бўш биноларда 10 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди.

Related Articles

Back to top button