Ўзбекистон

ШЎРЧИЛИК ҚАҲРАМОННИ УНУТМАЙМИЗ!

Ҳар баҳор аёмида, май ойининг 9-кунида юртимизда “Хотира ва қадрлаш куни”да бу ёруғ дунёдан ўтганларни, жумладан II-жаҳон урушида фашист газандаларига қарши курашган ота-бобаларимизни  ҳам хотирлаш анъанага айланган.

Ўтган асрнинг энг қирғинбарот фожеаси бўлмиш II-жаҳон урушида юрт ҳимояси учун кўксини қалқон қилиб жанг қилган шўрчиликлардан бири Низамов Гарафуддин Сайфуддиновичнинг жанг майдонларида кўрсатган қаҳрамонликларини ҳамшаҳарлари унутишмайди.

1923 йилда Бошқирдистонда туғилиб, 1936 йилда Шўрчи туманига кўчиб келган ва шу ердан Ватан ҳимоясига 1942 йил август ойида жўнаб кетди. У 1942 йилдан 1944 йилгача I-Белоруссия фронти 95-танкчилар  бригадаси 9-танкчилар корпусида разведкачи сифатида жанг  қилди. Қумондонлик  Г.С.Низамовни 1944 йилда танкчилар билим юртига ўқишга жўнатдилар. Ўқишни аъло баҳоларга тугатиб, механик-ҳайдовчи сифатида 1947 йилгача хизмат қилди.

Г.С.Низамов уруш давомида  кўрсатган жасорати учун “Қизил байроқ” ордени, “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун” мелади, “I-даражали Улуғ Ватан уруши” ордени ва бошқа мукофотлар билан тақдирланди.

…Смоленск учун олиб борилаётган аёвсиз жангда, ҳар доимгидек разведкачилар олдинги чизиқда эдилар,-деб ҳикоя қилиб берган эди Г.Низамов,-биз олға интилиб жангга кирдик. Немислар жанг қилмасдан чекиндилар. Шаҳар четида немислар учун қўлларида белкурак билан окоп қазиётган ва жуда қўрқиб кетган ўсмир болаларга дуч келдик.

-Амакижон, бизни отманг, бизни фашистлар окоп қазишга мажбурладидар,-дея ялинарди болалар.

-Нега сизларни отар эканмиз. Қўрқманглар, сизларни энди ҳеч ким хафа қила олмайди, ахир биз сизларни қутгаргани келдик-ку!-деб ўсмир болаларни  фашистлар қўлидан қутқариб қолдик.

Даҳшатли уруш поёнига етди. Ўзбекистонда ҳам бу уруш жабрини кўрмаган оила қолмади.

Г.С.Низамов урушдан тўғри Шўрчига қайтди. Урушдан сўнг то етмиш беш ёшигача у бошқарув органларида ишлади. Уйланиб 3 нафар фарзанднинг отаси бўлди. Гарафуддин бобо  қарилик гаштини суриб, набираларининг ҳам тўйларини кўриб,  2015 йил 92 ёшида вафот этдилар.

Биз юртимиз тинчлиги учун жанг майдонларида жон олиб, жон берган, бугунги бахтли ҳаётимиз учун ўз жонидан кечиб, ажал билан юзма-юз жанг қаҳрамонларни унутмаймиз!

Роза Гарафуддиновна Низамова

Related Articles

Back to top button