ҚЎЛИ ҚАДОҚ ДЕҲҚОНЛАРНИНГ МЕҲНАТИ ТУФАЙЛИ ДАСТУРХОНИМИЗ ТЎКИНЛИГИНИ УНУТМАЙЛИК!
Бугун далага чиқдим. Ўтган ҳафта тинимсиз ёққан ёғинлар туфайли пахта майдонлари катта зарар кўрибди. Эгатлардан униб чиққан кўчатларнинг сони жуда кам, унган кўчатларнинг ҳам ранги сариқ, ниҳоллар жуда нимжон. Кўпгина далалардаги ғўза кўчатлари бузилиб, қайта чигит экилмоқда.
Баҳор серёғин келса ҳам, қурғоқчилик бўлса ҳам деҳқонга қийин экан-да! Ишқилиб қўли қадоқ деҳқонларимизнинг ишларига барака берсинда. Бегона ўтлар барқ уриб ривожланмоқда. Улар табиатнинг жайдари гиёҳлари, уларга парвариш ҳам шарт эмас. Бир дона пахта кўчати ҳосилга кириш учун қанча меҳнат зарур, буни ишлаган билади.
Бозорда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиб кетса, “дод” деб интернетни ёриб юборамиз, деҳқон ёрдамга муҳтож бўлса, “мажбурий меҳнат” деб яна дунёни бошимизга кўтарамиз.
Бўш пайтимизда шундоқ уйимиз ёнидаги далада кетмон чопаётган деҳқондан ҳол сўрайлик, ёрдам бермасак ҳам кўнглини сўрайлик. Шу қўли қадоқ деҳқонларнинг меҳнати туфайли дастурхонимиз тўкинлигини унутмайлик.