Маданият

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК — ИНСОН ҚАДР-ҚИММАТИГА ТАЖОВУЗ

Оила — жамиятнинг асосий бўғини, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ишонч қарор топадиган муқаддас маскандир. Оиладаги соғлом муҳит нафақат фарзандлар тарбияси, балки жамиятнинг маънавий барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, афсуски, айрим оилаларда ўзаро ҳурмат ўрнини тазйиқ, ҳақорат, таҳдид ва зўравонлик эгалламоқда.

Оилавий зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш ёки тан жароҳати етказишдан иборат эмас. Шахсни ҳақоратлаш, камситиш, қўрқитиш, иқтисодий жиҳатдан қарам ҳолатга солиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳам зўравонликнинг турли кўринишларидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч ким зўравонликка ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Шунингдек, Конституциянинг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, 76-моддасида эса оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамланган.

Мазкур конституциявий қоидалар оилавий муносабатларда ҳам ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши шартлигини англатади.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сон «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунида жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик тушунчалари, жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни ҳимоя қилиш механизмлари белгилаб берилган. Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, жабрланувчилар ваколатли органларга ва судга мурожаат қилиш, ҳуқуқий, психологик, тиббий ҳамда бошқа ёрдам олиш, шунингдек, ҳимоя ордери беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Оилавий зўравонликка қарши курашишда маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг белгиланганлиги муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59²-моддасида оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Жиноят кодексининг 126¹-моддасида эса қонунда белгиланган шартлар мавжуд бўлганда оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқишда суд томонидан ҳар бир ҳолатга алоҳида ёндашилиши, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, тиббий ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ҳамда бошқа далиллар ҳар томонлама ва холисона баҳоланиши лозим. Айниқса, жабрланувчининг кейинчалик ҳуқуқбузарга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириши ёки ярашувга эришилганлиги ҳуқуқбузарлик содир этилмаганлигини англатмайди. Ярашув масаласи фақат қонунда белгиланган асос ва шартлар доирасида ҳал этилиши шарт.

Оилавий зўравонликнинг энг оғир оқибатларидан бири унинг фарзандлар тақдирига таъсиридир. Конституциянинг 77-моддасида ота-оналар фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, тарбиялаши, таълим олиши ва соғлом камол топиши ҳақида ғамхўрлик қилиши шартлиги белгиланган. Оиладаги доимий жанжал ва зўравонлик эса болаларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу боис оилавий зўравонликка қарши курашиш фақат жазо чораларини қўллаш билан чекланмаслиги керак. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий низоларни ўз вақтида аниқлаш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда масъул ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, оила мустаҳкамлиги зўравонликка чидаш ёки жабрланувчининг сукут сақлаши билан эмас, балки ўзаро ҳурмат, ишонч ва масъулият асосида таъминланади. Ҳар бир инсон оилада ҳам ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қиммати ҳимояланган ҳолда яшашга ҳақли.

Зеро, оилани сақлаб қолиш дегани зўравонликка кўз юмиш эмас. Ҳақиқий оилавий тинчлик қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати ва ўзаро ҳурмат таъминланган жойдагина қарор топади.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button