Ўзбекистон

Хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари тугатилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонда алоҳида таъкидлаб ўтилишича, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди, шунингдек, давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратади, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда уларга кўмаклашади.

Ҳужжат билан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди ҳамда вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди.

Фармон билан қуйидаги лавозимлар жорий этилди:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасида Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозими;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида ҳоким ўринбосарлари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари лавозими;

туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларида ҳоким ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозими.

Бош вазир ўринбосари, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, тегишли ҳоким ўринбосарлари саналган хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари тугатилди.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.

22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Related Articles

Back to top button