Оилавий зўравонликка қарши курашиш хусусида

Мамлакатимизда фуқароларни оиладаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланиб, ушбу моддада оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, ушбу модданинг 1-қисмида “Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса,базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади” деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддасининг бошқа қисмлари жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда оилавий (маиший зўравонлик) учун жиноий жавобгарлик белгилаб, табиий ҳолда оғирроқ жазоларни назарда тутган.
Масалан, ушбу модданинг 8-қисмида, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97 ва (ёки) 104-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса — ўн йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.
Жавобгарликнинг муқаррарлигини англаш ва қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




