Ўзбекистон
Сурхондарё вилояти ҳокими ҳам овоз берди
Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтаётган сайловлар байрамона руҳда давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистон:Янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётган муҳим сиёсий кампанияни юқори савияда ташкил этиш учун воҳада Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига 60 ва туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 та округ сайлов комиссиялари тузилди. Сайлов куни фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз бериши учун 785 сайлов участкаси шакллантирилиб, янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида барча шароит яратилди.
Термиз шаҳридаги 271-сайлов участкаси жорий йилда қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган Сурхондарё тарих ва маданият музейи биносида жойлашган. Бу ерда Меҳриобод маҳалласида яшайдиган 1 минг 900 дан ортиқ сайловчи овоз беради. Айни пайтда улар сайлов участкасига келиб, ўз истак-иродасини эмин-эркин ифода этмоқда.
Вилоятнинг биринчи раҳбари Тўра Боболов ҳам мазкур сайлов участкасида энг муносиб номзодлар учун овоз берди.