Ўзбекистон

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ: Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи ошишига нима сабаб бўлмоқда?

Айни ҳолат жамоатчилик орасида хавотир уйғотаётгани ҳам бор гап. Хўш, давлатнинг қарзларни тўлаш қобилияти қандай? Четдан қарз олиши қанчалик муҳим? Улар қайси соҳаларга йўналтириляпти?

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажисида Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистоннинг ташқи қарзи йил бошида 9 миллиард доллар атрофида бўлгани ҳолда, октябрь ойида бу 13,5 миллиард долларни ташкил қилганини айтиб ўтди. Йил якунига қадар мазкур кўрсаткич 15 миллиард доллардан ошиши қайд этилди.

Юқоридаги рақамлардан кўринадики, мамлакатимизнинг ташқи қарзи миқдори салмоқли даражада. Айни ҳолат жамоатчилик орасида хавотир уйғотаётгани ҳам бор гап. Ҳақли савол туғилади: давлатнинг қарзларни тўлаш қобилияти қандай? Четдан қарз олиши қанчалик муҳим? Улар қайси соҳаларга йўналтириляпти?

Хавотирлар қанчалик асосли?

Ташқи қарз дунёнинг ҳар қандай мамлакатида мавжуд бўлиб, у давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш натижасида вужудга келадиган мажбуриятлар йиғиндиси ҳисобланади. Давлат ташқи қарзини муҳтожлик туфайли олинган оддий қарз маъносида тушунмаслик керак. Ушбу тушунча мақсадли кредитлар, сармоялар ва бошқа маблағларнинг мамлакат иқтисодиётига кириб келишини билдиради.

Давлат ташқи қарзини қайсидир маънода давлатга бўлган “ишонч миқдори” деб ҳам тушунса бўлади. Ахир қарз (ёки инвестиция) дуч келган одамга ёхуд давлатга берилавермайди-ку. Аввал унинг ишончилилиги, иқтисодий имкониятлари ва истиқболлари текширилади. Шунингдек, қарзларнинг айримлари узоқ ва ўрта муддатларга олинади, имтиёзли даврда фоиз ставкаси тўланиб, қарз суммаси тўланмайди.

Таҳлилларга кўра, кейинги икки йил ичида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсмоқда. Айтайлик, 2017 йилда унинг ялпи ички маҳсулот(ЯИМ)га нисбати 12,8 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 19,6 фоизга етди. Жорий йилнинг октябрь ҳолатига 23,8 фоизлик марра босиб ўтилди. Айни шу ўсиш тенденцияси юртдошларимизнинг хавотирларига сабаб бўлаётир. Хўш, бу қанчалик асосли?

Алоҳида қайд этиш жоизки, ҳеч қандай хавотирланишларга ўрин йўқ. Давлат қарзи бўйича халқаро меъёрлар мавжуд бўлиб, ўша мезон бўйича баҳоланганда, Ўзбекистоннинг ташқи қарзларни тўлаш қобилияти юқори.

Гап шундаки, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти “паст”, “ўртача” ва “кучли”га таснифланса, мамлакатимиз улар орасидан “кучли” гуруҳига киради. Бу таснифдагиларга давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 55 фоиздан, жами давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 70 фоиздан ошмаслиги тавсия этилади. Кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг ташқи давлат қарзи халқаро молия ташкилотлари тавсия этган энг юқори нуқтадан икки баробарга кам.

Асосий қарз берувчилар кимлар?

Бу ҳақда сўз борганда, жами ташқи қарзнинг қарийб ярмини халқаро молия ташкилотлари ажратганини айтиб ўтиш ўринли. Улар, асосан, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар беради. Халқаро молия ташкилотлари ичида энг катта кредиторимиз — Осиё тараққиёт банкидир. Йил охиригача мазкур тузилмадан оладиган қарзимиз 3,6 млрд. долларга етиши кутиляпти. Жаҳон банкининг қарзи эса йил охиригача 2,7 млрд. доллар атрофида бўлади.

Мазкур ҳолатни мамлакатлар кесимида оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг энг катта кредиторлари Хитой (йил бошидаги ташқи қарз миқдори 2 млрд. доллар), Япония (1,5 млрд. доллар), Германия (334 млн. доллар), Жанубий Корея (114 млн. доллар) бўлиб, улардан кейинги ўринларда Франция, АҚШ, Кувайт, Саудия Арабистони, Испания ва Россия туради.

Олинган маблағлар нималарга сарфланяпти?

Жалб қилинаётган давлат ташқи қарзлари энергетика, транспорт ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, кимё, таълим ва соғлиқни сақлаш сингари муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларга йўналтирилмоқда. Стратегик инвестициявий лойиҳаларнинг молиялаштирилиши, илк суверен облигациялар жойлаштирилиши ҳам давлат қарзининг ошишига таъсир кўрсатган.

Шу ўринда бир таъкид: 13,5 млрд. долларнинг деярли ҳаммаси — бюджет дефицитини қоплаш учун эмас, балки инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга сарфланган. Ҳаттоки тўғридан-тўғри жалб қилинган қарздорлик ҳам маълум бир соҳалардаги инвестицион лойиҳаларга кейинчалик субсидиар қарз сифатида берилган кредитлар ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда энергетика тармоғи — ташқи давлат қарзлари энг кўп йўналтирилган соҳа саналади. Мазкур тармоққа 3,4 млрд. АҚШ доллари ажратилган. Шунингдек, энг кўп қарз олинган соҳалар тўртлигига транспорт ва транспорт инфратузилмаси (2,1 млрд.), қишлоқ хўжалиги ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш (1,6 млрд.дан) тармоқлари ҳам киради.

Қарз олмасдан иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайдими?

Сатистик маълумотларга кўра, 2019 январ ойи ҳолатига АҚШ ташқи қарзи миқдори 22 триллион доллардан ортиқ бўлган. Бу кўрсаткич Европа Иттифоқида — 17, Японияда — 11, Буюк Британияда — 8, Германияда — 4 триллион долларни ташкил қилади. Кўриб турганингиздек, мамлакат иқтисоди қанчалик яхши ривожланган бўлса, ташқи қарз миқдори ҳам шунча катта бўлмоқда.

Мамлакатимизнинг ташқи қарзи эса МДҲнинг кўп давлатларига нисбатан паст. Жумладан, жадал ривожланаётган давлатлардан бири — Грузиянинг ташқи қарзи ЯИМнинг 38,7 фоизини ташкил этади.

Умуман олганда, мамлакатлар иқтисодиёти учун ташқи қарз керак. Бу — халқаро амалиётда нормал ҳолат. Сабаби — мазкур кредитларнинг кпи ривожлантириш лойиҳаларига йўналтирилади. Бир нарса аниқки, агар четдан маблағ жалб этилмаса, барча ислоҳотларни Давлат бюджетидан амалга оширишга тўғри келади. Давлат бюджети эса ҳар жиҳатдан ҳисоб-китобли. Биргина ижтимоий соҳа улуши унда 55 фоизни ташкил қилади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бюджет харажатларининг устига бу лойиҳаларни қўйиб бўлмайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: ҳозирда йирик лойиҳаларни амалга оширишга давлат-хусусий шерикчилик механизми қўлланиляпти. Хўш, ушбу механизм яхши ишлаб кетса, ташқи қарзимиз камайиши мумкинми?

Қайд этиш керакки, давлат-хусусий шерикчилик механизми асосида сармоя киритишдан кўзланган мақсадлардан бири — моддий манфаатдорликдир. Хусусий сектор инфратузилма ёки бошқа муҳим инвестицияларни амалга оширади. У тўлиқ ҳамма ишни қилади, деб бўлмайди. Шунда ҳам барибир бизда ижтимоий соҳа қолади. Мазкур йўналишни молиялаштириш эса барча мамлакатларда давлатнинг зиммасига тушган. Хусусий сектор ижтимоий соҳага кириб келиши қийин. Чунки ижтимоий соҳа, бу — фойда кўрадиган йўналиш эмас.

Ташқи қарз қанчалик таҳликали?

Ташқи қарз, бир томондан, мамлакатда иқтисодиёт ривожланишига олиб келса, иккинчи томондан, қарз ўз вақтида тўланмаса, муддати кечиктирилган қарздорлик пайдо бўлиши ва бу мамлакат кредит рейтингини тушиб кетишига сабаб бўлади. Рейтинги паст мамлакатларга эса ҳеч ким қарз бермайди. Бу мамлакатда хорижий валюталар курси ошишига ва оқибатда иқтисодий таназзулга сабаб бўлиши мумкин.

Айни ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўрта муддатли давлат қарзини бошқариш стратегияси ишлаб чиқилди. Бунда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси методологиясига кўра, давлат қарзи ЯИМнинг неча фоизигача Ўзбекистон учун хавфсиз, деган меъёрларга эътибор қаратилди.

Юқоридаги икки ташкилот таснифига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли ҳисобланади. Шу пайтгача консолидация қилинган бюджетда профицит бўлган, дефицит бўлмаган. Ҳозирги кутилаётган дефицит ҳам ЯИМга нисбатан олганда кам ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 27 млрд. долларга тенг олтин-валюта захиралари борлиги, мамлакатда иқтисодиёт барқарор ўсишда давом этаётгани, бундан кейинги ўсиш прогнозлари ҳам халқаро ташкилотлар томонидан 5-7 фоиз атрофида деб тахмин қилинаётгани ҳам ортиқча хавотирларга берилмаслик кераклигини англатади.

Юқоридаги ҳаммаси инобатга олиниб, мамлакатимизнинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли деб баҳоланган. Бу дегани, республиканинг қарзларини ўз вақтида тўлиқ тўлаш қобилияти юқори.

Қарз олишнинг чекланган миқдори белгиланди

Яқинда қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни билан илк бор давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ва унинг кафолати остида жалб қилинадиган ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чекланган миқдори белгиланди.

Янги ташқи қарз жалб қилинмаган ҳолатда шу кунгача имзоланган шартномалар бўйича маблағлар ўзлаштирилиши натижасида давлат ташқи қарзи 2019 йил давомида 1,5 баробарга ошиб, йил якунида 15,3 млрд доллар, ЯИМга нисбатан 25,4 фоизни ташкил қилади. Қонун билан ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чекланган миқдори 1,5 млрд. АҚШ доллари этиб белгиланди. Бу фақат ҳукумат томонидан ва ҳукумат кафолати остида жалб қилинган кредитлар бўйича.

Бунинг асосий мақсади — давлат бюджети дефицитини келгуси йилларда босқичма-босқич пасайтириш. Агар ташқи қарзни жалб қилишга чегара қўймасак, бюджет дефицитимиз бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра келгуси йилда 3 фоиздан ҳам ошиб кетиши мумкин. Кейинги йилда бюджет дефицитини 2 фоизгача, 2022 йилга келиб 1,5 фоизгача тушириш режалаштирилган.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Related Articles

Back to top button