Шавкат Мирзиёев: «Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз.»
Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бошланди.
Саммит ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этмоқда.
Делегациялар раҳбарларининг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.
Сўнг давлат етакчиларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ҳамкасбларини самимий қутлаб, ушбу учрашув ҳаёт талаби, томонларнинг яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва шерикликни кенгайтиришга интилиши ифодаси эканини таъкидлади.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли охирги йилларда кўплаб мураккаб масалаларга ечим топилди. Бу ижобий ўзгаришлар халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда бутун дунёда юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, тез ўзгараётган дунёда янгидан янги масалалар кун тартибига чиқмоқда. Минтақавий хавфсизликка таҳдидлар, барқарор ривожланишга ҳалал берувчи омиллар пайдо бўлмоқда. Бу ўзаро ишончга асосланган шерикликни мустаҳкамлашни, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.
Етакчиларнинг мазкур учрашуви олий даражадаги минтақавий мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
– Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз. Халқларимизнинг тарихи ва тақдири, келажаги чамбарчас боғлиқ. Бу эса минтақамизни бирлаштирувчи катта кучдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарни келишиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.