Расмий муносабат
Ангор тумани ҳокимлиги 2019 йилнинг 5 ноябрь куни “Kun.uz” сайтида эълон қилинган “Ишдан ноҳақ бўшатилган ходим иши. Ангор тумани ҳокимлиги нега суд қарори ижросини пайсалга солмоқда?” сарлавҳали материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
ФИБ Сурхондарё вилояти суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 7 ноябрь куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ангор тумани Кенгашининг Гаппаров Эркин Хаитмуродовични “Охунбобоев” номли маҳалла фуқаролар йиғини маъсул котиби вазифасига қайта тиклаш тўғрисида буйруғи қабул қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги 895-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомда фуқаролар йиғинининг масъул котиби фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тақдимига кўра фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланиши ҳамда фуқаролар йиғини кенгаши таркибига киритилиши белгилаб қўйилган.
Шунга мувофиқ, 2019 йилнинг 9 ноябрь куни ўтказилган фуқаролар йиғини йиғилишида масъул котиб Э.Гаппаровнинг номзоди вакиллар тасдиғига киритилган. Унга кўра, 178 нафар вакилдан 163 нафари Э.Гаппаровнинг масъул котиб лавозимида ишлашига қарши овоз беришган.
“Охунбобоев” номли маҳалла фуқаролар йиғини йиғилишида вакиллар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, шунингдек, тегишли Низом талабларига номувофиқ равишда Э.Гаппаровнинг ушбу маҳаллада доимий яшамаслиги ҳамда туман ички ишлар бўлимида 2019 йилнинг 7 ноябридан буён 1 (бир) йил муддатга профилактик ҳисобда турганлиги инобатга олиниб, уни масъул котиб вазифасидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.