Ўзбекистон

Сайловчиларга эслатма

Актив сайлов ҳуқуқи – Бу сайлаш ҳуқуқи бўлиб, ҳар бир фуқаронинг давлатни бошқаришда ўз вакилларини сайлаш билан иштирок этишини назарда тутади.

Сайлов тизими – Ўзбекистон Республикасида сайлов тизими деганда, кенг маънода Олий ҳокимият вакиллик органлари ҳамда маҳаллий вакиллик органларини шакллантириш тартиби тушунилади. Ўзбекистон Республикаси сайлов тизими мажоритар сайлов тизимига асосланган.

Сайлов ҳуқуқининг асосий принциплари – умумий сайлов ҳуқуқи принципи; тенг сайлов ҳуқуқи принципи; тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи принципи; яширин овоз бериш ҳуқуқи принципи.

Ёш цензи – Сайловлардаги ёш цензи фуқароларнинг сайловда иштирок этишлари учун муайян, қонунда белгиланган ёшга етишлари талаб этилишидир. Масалан: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида 25 ёш; Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзод сифатида 21 ёш этиб белгиланган.

Сайлов маданияти – Сайлов маданияти деганда, сайловчиларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан оқилона фойдаланиб, сайловларда фаол иштирок этиши, шунингдек уларнинг ҳамда сайлов ташкилотчиларининг сайловларни ўтказиш, унда қатнашиш ва овоз бериш чоғида амалдаги қонунларга, ўрнатилган тартибларга амал қилиши, сайлов қатнашчиларининг бир бирларини ҳурмат қилиши тушунилади.

Сайловчи. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Сайловда сайловчилар ўзлари хоҳлаган номзодга, яъни эркин овоз берадилар. Сайловчиларнинг овоз бериши яширин тарзда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидаўтказилади.

Жорий йилда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда бешта сиёсий партия иштирок этади. 2019 йил январь ойида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўрнида, Ўзбекистон Экологик сиёсий партияси ташкил этилди.

Сайловчилар Қонунчилик палатаси сайлови бўйича 150 та сайлов округидан қўйилган номзодлар учун овоз беришади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати юритилади.

Сайловчилар сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имкониятга эга.

Сайловларда овоз бериш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланди.

Сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловчиларни участка сайлов комиссияси сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади

Овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида (сайловдан камида 15 кун олдин), участка сайлов комиссиясининг аниқ манзили, телефон рақами, иш вақти, сайловчилар рўйхати ҳамда депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар билан танишиш учун сайловчилар участка сайлов комиссияси томонидан хабардор қилинади.

Ёдда тутинг!

Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди, яъни сайловчиларнинг сайловга келиш-келмаслиги ва ўзлари хоҳлаган номзодга овоз бериш-бермаслик масаласи бу уларнинг ҳуқуқидир.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериши мумкин.

Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари кўрсатилган ариза асосида участка сайлов комиссиясига мурожаат қилади ҳамда сайлов бюллетенини олиб, овоз беришни амалга оширади.

Сайловчи аризасида сайлов куни овоз бериш учун сайлов участкасига кела олмаслик сабабини (важ) кўрсатса, шу аризасига асосан муддатидан олдин овоз бериш имконияти яратиб берилади.

Аризага ҳеч қандай қўшимча маълумот талаб этилмайди. Аризанинг ўзи етарли ҳисобланади.

Участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Ёдда тутинг!

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугалланади.

Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз берадиган сайловчига сайлов бюллетени у томондан сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўйилгандан сўнг тақдим этилади.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки УСК хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади.

Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади.

Овоз бериш тартиби

Сайлов куни сайловчи овоз бериш биносига келиб, участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт, фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома, ҳарбий гувоҳнома ва жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома) кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин УСК аъзоси томонидан унга сайлов бюллетени берилади.

Сайловчи бюллетенни олгач, уни яширин овоз бериш хонасида тўлдиради.

Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «✔» ёхуд «х» мазкур учта белгидан хоҳлаган биттасини қўяди.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. (Бундан УСК аъзолари, кузатувчи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно).

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштириб берилади.

Сайловчининг турган жойида овоз бериш тартиби.

Сайловчиларнинг сайлов куни ёки сайлов кунига қадар қилган ёзма ёки оғзаки илтимосига биноан улар турган жойда фақат сайлов куни УСК томонидан овоз бериш жараёнини ташкил этади.

УСК аъзоси мурожаатлар қайдлов дафтарига сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, мурожаат қилинган вақт ҳақида тегишли ёзувлар киритади ва УСК аъзоси имзоси билан тасдиқланади.

Комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига боради, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.

Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этади.

Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилади.

Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Сайловчи участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Сайловчи айрим сабабларга кўра чет давлатда бўлса, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида рўйхатдан ўтиб, овоз бериш жараёнида иштирок этади.

Related Articles

Back to top button