Янги Ўзбекистонда суд тизимини рақамлаштириш — одил судловнинг янги босқичи, янги қабул қилинган Қонунлар асосида

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири — суд тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этишдан иборат. Бу жараён нафақат судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, балки фуқаролар учун суд хизматларини янада очиқ, тезкор ва қулай қилишга қаратилган.
Президентимиз томонидан 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон мазкур йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу фармонда суд ишларини юритишни рақамлаштириш, суд фаолиятини автоматлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш вазифалари белгилаб берилган. Энг муҳими, судларда қоғоз ҳужжат айланмасидан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда тўлиқ электрон тизимга ўтиш стратегик мақсад сифатида белгиланди.
Мазкур фармон асосида 2025–2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Ушбу дастур доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини ишга тушириш режалаштирилган. Бу модуль доирасида сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи яратилиб, у фуқароларнинг ҳуқуқий мурожаатларига жавоб беради, суд жараёнлари бўйича маълумотларни тақдим этади ва керакли ҳуқуқий йўналишни кўрсатади. Бу эса аҳоли учун ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини янада осонлаштиради.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятига эга бўлади. Бу янгилик суд жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш ва вақт тежашга хизмат қилади.
Суд тизимини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ҳамда маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш имконияти яратилади. Натижада одил судловнинг сифат даражаси ошади, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Хулоса қилиб айтганда, суд тизимини рақамлаштириш — бу шунчаки техник янгиланиш эмас, балки адолатни таъминлашнинг янги босқичидир. Янги Ўзбекистон шароитида рақамли суд тизими фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қиладиган замонавий ва илғор механизм сифатида намоён бўлмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судьяси
Туранов Қаҳрамон Холназарович




