Адолат сари мустаҳкам қадам: Янги қонун билан суд ҳимояси кафолати янада кучайтирилди ӮРҚ-1067-сон

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис, 2025 йил 21 январда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 17 март куни Сенат томонидан маъқулланган Қонун – суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, адолатли судловни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.
Қонуннинг бош мақсади — суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдаги кафолатларни кучайтиришдан иборат. Шунингдек, ушбу Қонун билан айрим амалдаги қонун ҳужжатларига тузатиш ва қўшимчалар киритилди. Уларнинг умумий йўналиши – фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш имкониятларини енгиллаштириш, ишларни адолатли ва холис ҳал этиш механизмини кучайтириш, шунингдек, судьялар масъулияти ва фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кенгайтиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, судлар иш юритувида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик иштироки кенгайтирилади. Суд мажлисларининг онлайн трансляциялари, суд қарорларининг электрон нашрлари мажбурий тарзда таъминланиши назарда тутилган. Шу билан бирга, судларга электрон мурожаат қилиш, иш ҳолатини онлайн кузатиш, адвокат ёки давлат ҳимоячиси билан боғланишнинг енгиллаштирилиши каби янги имкониятлар жорий этилди.
Судьялар томонидан судлов фаолиятида йўл қўйилган хатолар учун жавобгарлик механизмлари такомиллаштирилди. Судья этикасига риоя этиш масалаларига катта эътибор қаратилди. Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш имконига эга бўлиши учун қонунчиликда аниқ, мантиқий ва содда механизмлар яратилди. Хусусан, суднинг беғараз ва тезкор қарор қабул қилиши таъминланиши лозим.
Бу Қонун нафақат суд-ҳуқуқ тизимини, балки бутун жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади. Адолатли суд тизими фуқароларда давлат ва қонун устуворлигига ишонч уйғотади. Шунингдек, бу ислоҳотлар халқаро ҳуқуқий стандартларга мос келади ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
2025 йилда қабул қилинган мазкур Қонун – мамлакатимизда адолатли ва фуқаро манфаатларини тўлиқ таъминлайдиган суд тизими томон қўйилган муҳим ва тўғри қадамдир. Суд мустақиллиги, шаффофлиги ва жавобгарлиги, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсатида устувор масала сифатида белгилангани – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим пойдеворларидан биридир.
Сурхондарё вилоят судининг судяси
Рахимов Соҳиб Хайитмуротович




