Бу қизиқ

15 май – Халқаро оила куни

Ушбу куннинг қисқача тарихи

1993 йил 20 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Халқаро оила йили тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинган. Ушбу халқаро хужжатига мувофиқ 1994 йилдан бошлаб 15 май – Халқаро оила куни (International Day of families) сифатида дунёнинг деярли барча давлатларида нишонланади.

Халқаро оила кунини нишонлашдан мақсад оилалар билан боғлиқ муаммоли масалаларга давлат ва жамоатчилик эътиборини қаратиш, оилалар аҳволига таъсир этувчи ижтимоий-иқтисодий ва демографик жараёнлар ҳақидаги билимларни чуқурлаштиришдан иборат. Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида азалдан инсоний қадриятлар, миллий маданият ва авлодлар давомийлигини асровчи қўрғон, барқарорлик ва тараққиёт омили бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

 

Оила – муқаддас даргоҳ

Оила – муқаддас ва қутлуғ даргоҳ. Инсон шу даргоҳда туғилади ва вояга етади. Оилани жамиятнинг кичик бир бўғинига қиёслаш мумкин. Маълумки, оила – инсоннинг туғилишидан то умри поёнига қадар бўлган ҳаёт мазмунини қамраб олган, таълим-тарбия, иймон-эътиқоднинг асосий пойдевори шаклланадиган маскан. Меҳр-оқибат ришталарини, одамийлик мезонларини, миллий қадриятларни эъзозлаб-авайлайдиган, келгуси авлодларга тўкис етиб боришини таъминлайдиган мўътабар даргоҳ.

Дарҳақиқат, халқимиз азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун асраб-авайлашган. Зеро, оилани бошқариш, фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш масъулиятли вазифадир. Афсуски, баъзан бу борада билим, тажриба ва тарбиянинг етарли бўлмагани туфайли кўпрок ёшлар ўртасида ажрашиш ҳолатлари учраб туради. Арзимаган баҳонани сабаб қилиб оилалар бузилиб, бегуноҳ ва беғубор фарзандлар тирик етим бўлиб қолмокда. Аёл оқила, фозила, жонкуяр бўлса ва турмуш ўртоғини қадрласа, эр босиқ, жиддий, меҳрибон, фарзандлари, аҳли аёлига жонкуяр бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Эр-хотин ўртасида меҳр-оқибат бўлиши керак.

Юртимизда оилани мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни камол топтириш  борасида изчил ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида аввалги “Оила” боби – “Оила, болалар ва ёшлар” дея қайта номланди, шунингдек ушбу бобга қўшимча равишда ёшларга оид алоҳида модда киритилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76 моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир”, дейилган.

Оила азал-азалдан инсонни ҳар томонлама баркамол ва комил қилиб вояга етказадиган, инсоний фазилатлар ва хислатларни шакллантирадиган, ўзликни миллий, минтақавий, умумбашарий ва борлиқ хақиқати даражасида англатадиган, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларга садоқат руҳини камол топтирадиган беқиёс ва бетакрор тарбия, маънавият, маърифат ўчоғи ҳисобланади. Оила берган меҳру маърифатни инсон бошқа ҳеч қаердан топа олмайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ёш оилалар учун қурилаётган замон талабларига тўла жавоб берадиган уйлар, уларга берилаётган узоқ муддатли имтиёзли кредитлар оила институтига қаратилаётган катта эътиборнинг яна бир тасдиғидир. Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятлар ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб, тарбияловчи маскандир.

 

Жамият ва оила

Оила — жамиятнинг асосий бошланғич бўғини, гўзал урф-одатлар, миллий қадрият ва анъаналарларни ўзида асровчи, асрлар оша тарбияда ўзига хос миллийликни шакллантирувчи муқаддас маскан. Оила тинч бўлса, маҳалла тинч, жамият фаровон, давлат мустаҳкам бўлади. Эзгуликлар оиладан бошланади, ундан маҳаллага кўчади, жамиятга кириб боради.

Ватанга садоқат, ота-онага оқибат, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват омиллари ўсиб келаётган ёш авлод онгига оилада сингдирилади. Оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш ота-онада фарзандлар, фарзандлар олдида ота-онага нисбатан бурчларини, уларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади. Инсоннинг ҳаёти оиладан бошланади. Оила – ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат манбаидир. Оила фаровонлиги – мамлакат тараққиётининг ўлчовидир. Оила – ҳаёт абадийлигини сақлайдиган, кўп асрлик урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдириб келаётган муқаддас қўрғондир. Шу боисдан ҳам юртимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, унда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатлар ҳукмрон бўлишига эришиш учун алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буюк маърифатпарвар боболаримиз таъкидлаганидек, тарбия, аввало, оиладан бошланади. Дарҳақиқат, ҳар томонлама етук, баркамол ва комил шахсни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс. Тарбиянинг асосий ўчоғи ҳисобланган оила миллат давомийлигини сақлаш, миллий қадриятлар ривожини таъминлайдиган янги авлодни дунёга келтириб, уни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялайдиган муқаддас маскандир. Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий муҳит соғлом қарор топган оилада боланинг онги яхшилик, эзгулик, меҳр-оқибат, одамийлик, ор-номус, ғурур, самимият, тўғрисўзлик каби фазилатлар билан тўлиб, жамиятга керакли инсон сифатида вояга етади.

Мамлакатимизда бахтли ва фаровон оилалар сони кўпайсин. Ҳар бир оила тинч-осойишта ва бахтли бўлиб, юртимиз равнақи ва барқарорлигига асос бўлсин.

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририятининг

“Ижодий-ташкилий” гуруҳ раҳбари

Мухлиса ХАСАНОВА

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button