O`zbekiston

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2020 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Ялпи мажлисда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижро этилиши тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, олиб борилган ўрганиш давомида амалга оширилган ишлар билан бирга тизимли хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, Қонунга биноан ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирларни (мажлис, кенгаш, учрашув, матбуот анжумани, брифинг ва бошқалар) ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда ОАВ вакилларини хабардор қилиш тартиби ишлаб чиқилмаган. Оқибатда ОАВ вакиллари оммавий тадбирлар ҳақида бехабар қолган бўлса, иккинчи томондан ҳокимият ва бошқарув органлари фақат ўзига яқин бўлган ОАВни хабардор қилиш ҳолатлари юзага келган.

Маҳаллий ҳокимликлар қабул қилаётган қарор лойиҳаларини муҳокама этишлари нафақат аҳоли ўртасида, балки ОАВ вакиллари ўртасида ҳам муҳокамаси ташкил этилмаган.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Наманган вилоятининг Чуст ва Наманган, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Олтиариқ, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманлари ҳокимликларининг веб-сайтларида “Фуқароларнинг мурожаатлари” бўйича рукн умуман ташкил этилмаган.

Ўрганилган ҳудудларда аҳолини қийнаётган мавжуд муаммолар бирор марта ҳокимият органларининг веб-сайтлари ва бошқа ахборот манбаларида ёритилмаган.

ОАВ юборган мурожаатларга ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан ўз вақтида муносабат билдирилмаган. Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш (176 та), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш (140 та), Соғлиқни сақлаш (132 та), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (47 та), Олий ва ўрта махсус таълим (39 та) вазирликлари, Олий суд (59 та), “Ўзбекнефтегаз” (19 та), “Ўзавтосаноат” (15 та) акциядорлик жамиятлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги (325 та), Самарқанд (78 та), Тошкент (78 та) ва Хоразм (31 та) вилоятлари ҳокимликлари жами 1139 та мурожаатларга жавоб бермаган.

Қонунга кўра ҳокимият ва бошқарув органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган фаолиятга оид маълумотлар янгилаб борилмаган. Айрим рукнларга эса маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.

5 та давлат органи ва ташкилотининг расмий веб-сайтлари мавжуд эмас.

Ўрганилган ҳокимият ва бошқарув органлари мутасаддилари томонидан ахборот тақдим этиш учун мансабдор шахс белгиланмаган, фаолият очиқлигини бузган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш механизми жорий этилмаган.

Шунингдек, Қонунга кўра ҳокимият ва бошқарув органларида очиқ ҳайъат йиғилишларида ҳозир бўлиш тартиби жорий қилинмаган. Оқибатда ОАВ вакилларининг очиқ ҳайъат йиғилишларидаги иштироки таъминланмаган.

Таҳлил қилинган 113 нафар матбуот котибидан 12 нафарининг (11%) иш натижалари юқори, 55 нафари (47%) ўрта даражада баҳоланган бўлса, 20 нафари (18%) қониқарли, 26 нафарининг (23%) фаолияти паст даражада деб топилган.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот-маълумот материалларда имловий ҳамда грамматик хатолар сақланиб қолган.

Шунингдек, турли ижтимоий тармоқлар, гуруҳлар, каналлар ва интернет саҳифаларида муаммолар жисмоний шахслар томонидан турли миш-мишлар ва бўрттирилган, асосланмаган тарзда тарқатилмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозиликларнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Айрим вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар оммавий ахборот воситалари орқали мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдирмай келмоқда. Танқидлар бўлмоқда, аммо уларга жавоб йўқ. Бундай ҳолатлар, афсуски, вазирликлар ва идораларнинг обрўсини туширишга олиб келиб, одамларда ислоҳотлар тақдирига ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин.

Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар тизимли эканлигини ҳамда уларнинг ечими туб ўзгаришларни талаб қилишини кўрсатади.

Қайд этилган камчиликлар ва соҳада учраётган муаммоларни тизимли ўзгаришлар орқали ҳал этиш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Related Articles

Close