Kasbim-faxrim

Бу йил жуда оғир келди

Бу йил жуда оғир келди. Пандемия ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Режалар бузилиб кетди. Тадбирлар қолдирилди. Ўз навбатида, матбуот ҳам гап кўтара олмайдиганлар қаҳрига бир неча бор учраб, анча синовларни бошидан ўтказди.

Ҳамманинг асаби таранглашган, битта гап – кам, иккитаси – кўп, дейдиган давр бўлди. Фақат бизда эмас, бутун дунёда матбуот тазйиқларга учради.
Лекин бу сўз эркинлиги яна бўғилади, Президентимиз томонидан бошланган ислоҳотлар амалга ошмай қолди, дегани эмас. Мана, айни кунларда АОКА ва Адлия вазирлиги томонидан қатор норматив ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Биринчиси – Президентнинг ПҚ-4551 сонли қарори ижроси бўйича. Унга кўра, АОКА ва Адлия вазирлиги туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаб, киритиши лозим.

Шу ўринда, мазкур қарор ОАВ ривожига катта туртки беради, деб ўйлайман. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, журналист ёки блогер матбуотда айтган сўзи учун қамалмаслиги керак. Майли, жарима тўласин, қилган хатоси учун маъмурий жавобгарликка тортилсин, лекин озодликдан маҳрум бўлмасин.

Иши ҳамма ривожланган давлатлар каби очиқ судда адолатли кўрилсин.
Ўрганиб чиқдик. Ишонасизми, йўқми, биздаги маълумотларга кўра, шу пайтгача бирор журналист бу модда билан озодликдан маҳрум қилинмаган экан.

Хуллас, амалда ишламайдиган бу қонун жаҳон миқёсидаги индекс ва рейтингларимизнинг ўсишига халақит беряпти, холос. Шундай экан, Президент қарорида белгиланган вазифа тез кунларда бажарилади, деб умид қиламиз.

Иккинчи ҳужжат, Президентнинг ПҚ-4366 қарорига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилашга қаратилган. Бу масала юзасидан ҳам АОКА ва Адлия вазирлиги таклифларни ишлаб чиқиб, киритиши лозим.

Ўз навбатида, бизнинг Фонд ҳам Президентимиз томонидан ушбу йўналишда белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, очиқлик, матбуот ва давлат идоралари ҳамкорлиги механизмларини янада такомиллаштиришда ҳар томонлама ёрдамга тайёр эканлигини, журналист ва блогерларни йиғиб, бу масалалар юзасидан уларнинг таклифларини ўрганишини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бизнинг бош мақсадимиз ҳам ОАВ ходимлари учун хавфсиз фаолият майдонини яратишга эришишдир.

Related Articles

Close