Madaniyat

ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК — ОИЛА ТИНЧЛИГИГА РАҲНА СОЛАДИ

Оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ишонч ҳукм сургандагина жамиятда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкам бўлади.

Оила — инсон камол топадиган, меҳр-муҳаббат ва ҳурматни ўрганадиган муқаддас маскан. Ҳар бир инсон ўз оиласида ўзини хавфсиз, эркин ва қадрли ҳис қилиши лозим. Бироқ айрим ҳолларда оилавий муносабатлардаги келишмовчиликлар ҳақорат, таҳдид, тазйиқ ва зўравонликка айланиб, оила аъзоларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига жиддий зарар етказади.

Оилавий зўравонлик — бу оддий оилавий жанжал эмас. У инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги, соғлиғи ва дахлсизлигига тажовуз қилувчи, қонун билан тақиқланган хатти-ҳаракатлардан иборатдир.

Оилавий зўравонлик қандай кўринишларда намоён бўлади?

Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан чекланмайди. У бир неча шаклларда намоён бўлиши мумкин:

Жисмоний зўравонлик — уриш, туртиш, жароҳат етказиш, куч ишлатиш ёки инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи бошқа ҳаракатлар.

Руҳий зўравонлик — ҳақорат қилиш, қўрқитиш, таҳдид қилиш, камситиш, доимий равишда таҳқирлаш ёки инсонда қўрқув ва руҳий изтироб келтириб чиқариш.

Иқтисодий зўравонлик — қонунчиликда белгиланган ҳолатларда шахсни зарур маблағлардан маҳрум қилиш, мол-мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ёки иқтисодий қарамликдан тазйиқ ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш.

Жинсий зўравонлик — шахснинг жинсий дахлсизлиги ва эркинлигига қарши қаратилган, унинг хоҳиш-иродасига зид бўлган ҳаракатлар.

Зўравонликнинг ҳар қандай шакли инсон қадр-қимматига путур етказади. Шу сабабли уни «оилавий масала», «эр-хотиннинг шахсий иши» ёки «вақтинчалик жанжал» деб эътиборсиз қолдириш мумкин эмас.

«Оилавий масала» деган баҳона қонунбузарликни оқламайди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши кафолатланган. Оила, оналик, оталик ва болалик давлат муҳофазасидадир.

Амалдаги қонунчиликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўриш механизмлари белгиланган.

Оила аъзосини ҳақорат қилиш, қўрқитиш, калтаклаш ёки унга нисбатан бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни содир этиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларга қараб маъмурий ёки жиноий жавобгарлик келиб чиқиши мумкин. Бунда содир этилган ҳаракатнинг хусусияти, оқибатлари, такрорийлиги ва иш бўйича тўпланган далиллар инобатга олинади.

Зўравонлик содир этган шахснинг кейинчалик пушаймон бўлиши, кечирим сўраши ёки оила аъзоларининг ярашгани ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг хатти-ҳаракатларини қонуний деб ҳисоблаш учун асос бўлмайди. Ҳар бир ҳолат қонун талаблари асосида алоҳида баҳоланиши лозим.

Зўравонликдан энг кўп болалар жабр кўради

Оиладаги зўравонликнинг салбий оқибатлари фақат жабрланувчи билан чекланиб қолмайди. Бундай муҳитда вояга етаётган болаларнинг руҳий ҳолати, таълим олиши, хулқ-атвори ва келажакдаги оилавий муносабатлари ҳам зарар кўриши мумкин.

Ота-она ўртасидаги жанжаллар, бақир-чақир, таҳдид ва куч ишлатиш ҳолатларига гувоҳ бўлиб улғайган бола қўрқув, ишончсизлик ва руҳий босимни ҳис қилиши мумкин. Айрим ҳолларда у зўравонликни муаммони ҳал қилишнинг одатий усули сифатида қабул қилиб қолиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Шунинг учун фарзандлар олдида бир-бирини ҳақорат қилиш, камситиш ёки куч ишлатишга йўл қўймаслик ҳар бир ота-онанинг муҳим масъулиятидир. Болаларга меҳр кўрсатиш билан бирга, уларга ҳурмат, сабр-тоқат ва низоларни тинч йўл билан ҳал қилишни шахсий намуна орқали ўргатиш лозим.

Зўравонликнинг олдини олиш — барчамизнинг вазифамиз

Оилавий зўравонликнинг олдини олиш учун, аввало, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқ мулоқотни шакллантириш зарур. Келишмовчиликлар ҳақорат ва таҳдид билан эмас, балки мулоқот, муроса ва қонуний усуллар орқали ҳал қилиниши керак.

Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, хотин-қизлар фаоллари ва бошқа масъул ташкилотлар зўравонлик хавфини эрта аниқлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш ҳамда жабрланувчиларга зарур ёрдам кўрсатишда муҳим ўрин тутади.

Зўравонликка дуч келган шахс бундай ҳолатни яширишга ёки унга чидашга мажбур эмас. У ички ишлар органларига ва бошқа ваколатли ташкилотларга мурожаат қилиши, зарур ҳолларда ҳимоя ордери ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳимоя чораларини сўраши мумкин. Ҳаёт ёки соғлиққа бевосита хавф мавжуд бўлганда, зудлик билан тезкор ёрдамга мурожаат қилиш лозим.

Жамиятда «Оила тинчлиги учун зўравонликка чидаш керак» деган нотўғри қараш ўрнига, «Оила тинчлиги ўзаро ҳурмат ва зўравонликка муросасиз муносабатдан бошланади» деган тушунчани қарор топтириш муҳимдир.

Хулоса ўрнида

Оилавий зўравонликнинг олдини олиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаро, ҳар бир ота-она ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир.

Ҳеч бир инсон оиласида қўрқув остида яшашга, ҳақорат ва таҳқирланишга ёки жисмоний азобга дучор бўлишга мажбур эмас. Оиланинг мустаҳкамлиги зўравонлик билан эмас, меҳр-оқибат, садоқат, ўзаро ҳурмат ва масъулият билан белгиланади.

Унутмайлик: зўравонликка бефарқ бўлмаслик — инсон қадрини ҳимоя қилишдир. Тинч оила — фаровон жамият, зўравонликсиз ҳаёт эса барчамизнинг умумий мақсадимиздир.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button