ОДИЛ СУДЛОВ — 2030: АНИҚ ВАЗИФАЛАР, КАТТА МАҚСАДЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги ПФ-160-сон «“Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан биридир. Фармонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, судлар мустақиллиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.
Фармоннинг асосий жиҳатларидан бири шундаки, унда белгиланган мақсадлар умумий тушунчалар билан чекланиб қолмасдан, уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳам назарда тутилган. Хусусан, «Одил судлов — 2030» стратегиясини 2026–2028 йилларда амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури ҳамда 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган асосий мақсадлар тасдиқланган.
Фармонда одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий судлар йўналишида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судларни ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли учун суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2027–2030 йилларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини ташкил этиш назарда тутилган.
Суд назоратини кучайтириш ҳам Фармондаги муҳим вазифалардан биридир. Хусусан, жиноят процессининг судга қадар босқичида тергов судьяларининг ваколатларини кенгайтириш, процессуал мажбурлов чораларини қўллашда шахс ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан текшириш механизмларини кучайтириш белгиланган. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда суд назоратининг аҳамиятини янада оширади.
Фармонда мамлакатда қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича ягона суд амалиётини шакллантиришга ҳам катта эътибор берилган. 2027 йил 1 августдан бошлаб ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиётини — «Прецедентлар» реестрини жорий этиш белгиланган. Шунингдек, суд амалиётини такомиллаштириш жараёнига илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этиш мақсадида экспертлар кенгашларини ташкил этиш назарда тутилган.
Одил судлов сифати ва суд ҳужжатларининг тушунарлилиги масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Стратегияда суд ҳужжатларини тайёрлашнинг «соддалаштирилган суд ҳужжати» моделига асосланган янги стандартларини жорий қилиш, уларнинг мантиқан тушунарли, қисқа ва лўнда бўлишини таъминлаш вазифаси белгиланган. Шунингдек, суд ишларини оқилона муддатларда кўриб чиқиш ва суд процессида тарафлар тенглигини тўлақонли таъминлаш мақсад қилиб қўйилган.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судга мурожаат қилишини соддалаштириш ҳам муҳим вазифалар қаторига киритилган. Хусусан, «ягона дарча» тамойили асосида даъво аризаси ёки аризани қайтариш институтини ислоҳ қилиш, айрим ҳолларда аризани тегишли судга суднинг ўзи томонидан ўтказиш, шунингдек, жузъий формал талабларга риоя этилмаган ҳолларда камчиликларни суднинг фаол кўмаги асосида бартараф этиш тартибини жорий қилиш назарда тутилган.
Фармонда судьяларни одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод этиш масаласига ҳам алоҳида ўрин берилган. 2028 йил 1 январдан бошлаб суд маъмурчилиги институтини жорий этиш, судьялар фаолиятини ташкилий, моддий-техник, молиявий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳамда суд аппарати ходимлари билан ишлаш учун масъул бўлган суд маъмуриятини ташкил этиш назарда тутилган. Бу вазифалар судьянинг асосий эътиборини бевосита одил судловни амалга оширишга қаратиши учун зарур ташкилий шароитларни яратишга қаратилган.
Буларнинг барчаси «Одил судлов — 2030» стратегиясида белгиланган олти устун — «Халқчил суд», «Адолат қўрғони», «Кафолатланган адолат», «Адолат посбонлари», «Рақамли одил судлов» ва «Халқаро эътироф» билан узвий боғлиқ. Стратегия 2030 йилга келиб инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қиладиган, сифатли ва барқарор одил судловни амалга оширадиган, замонавий рақамли технологиялардан фойдаланадиган, очиқ ва профессионал суд тизимини шакллантиришни кўзда тутади.
Шу нуқтаи назардан, ПФ-160-сон Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш фақат ташкилий ўзгаришларни жорий этиш билан чекланмайди. Уларнинг марказида инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, судга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтириш, суд қарорларининг сифати ва асослантирилганлигини таъминлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш каби муҳим мақсадлар турибди.
Энг муҳими, мазкур вазифаларнинг самарали ижроси суд тизимининг ҳар бир бўғинидан масъулият ва қонунийликни талаб этади. Судьянинг холис ва адолатли қарор қабул қилиши, суд аппаратининг ишларни белгиланган тартибда ташкил этиши, рақамли имкониятлардан самарали фойдаланиш ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш — белгиланган ислоҳотларнинг амалий натижасига бевосита таъсир қилади.
Зеро, «Одил судлов — 2030» — фақат келажакка мўлжалланган мақсадлар мажмуи эмас, балки бугундан бошлаб амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар тизимидир. Уларнинг ҳар бири инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва адолатли суд тизимини шакллантиришга хизмат қилиши лозим.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг девонхона мудири
Т.Тажиев



