Олтинсой туманида амалий кўргазмали семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги ПҚ-178-сонли “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган.Жумладан, мазкур қарорнинг 2-иловаси билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 19-бандида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ҳамда аҳоли томонидан “Агрокўмакчи” мобил иловасида электрон “дала дафтари” тизимини жорий этиш, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ҳамда тегишли рейтинг тизимини юритиш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Шу мақсадда Сурхондарё вилоят Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси мутахассислари Олтинсой туманида туман бўлими мутахассислари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер, деҳқон, аҳоли ва кичик томорқа хўжаликлари эгалари учун электрон “дала дафтари”ни юритиш тартибини амалий жиҳатдан тушунтиришга қаратилган кўргазмали семинар ташкил этди. Унда бошқарма мутахассиси Жалолиддин Бозоров маъруза қилиб, берилган топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида, иловага мувофиқ, “Дала назорати” ва “Агрокўмакчи” мобил иловасида электрон “дала дафтари” тизимидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ҳамда тегишли рейтинг тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб соҳага жорий этилганлиги таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни рақамли шаклда қайд этиш, маҳсулот етиштириш жараёнини кузатиб бориш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйишдан иборат,-деди Ж.Бозоров.Тадбир давомида мутахассислар иштирокчиларга электрон “дала дафтари”нинг мазмун-моҳияти, уни юритиш тартиби ва унга киритилиши лозим бўлган маълумотлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Хусусан, экин тури ва нави, экин майдони, экиш муддати, амалга оширилган агротехник тадбирлар, суғориш, ўғитлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ишлари каби маълумотларни электрон шаклда қайд этиш тартиби амалий мисоллар асосида кўрсатиб берилди.
Шунингдек, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари қўлланилганда препарат номи, қўллаш меъёри, ишлов берилган сана ва бошқа муҳим маълумотларни ўз вақтида ва аниқ киритиш зарурлиги таъкидланди. Бу эса етиштирилган маҳсулотнинг хавфсизлигини назорат қилиш, унинг етиштириш жараёнини кузатиб бориш ва зарур ҳолларда маҳсулот ҳақидаги маълумотларни тезкор аниқлаш имконини беради.Кўргазмали семинар давомида иштирокчилар электрон “дала дафтари”дан фойдаланиш жараёнини бевосита амалий тарзда кўриб, ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.
Мутахассислар томонидан электрон тизимдан самарали фойдаланиш, маълумотларни тўғри ва ўз вақтида киритиш, киритилаётган маълумотларнинг ишончлилигига эътибор қаратиш бўйича зарур тавсиялар берилди.







