Суд – ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган мамлакат раҳбарининг навбатдаги муҳим қарори мазмун моҳияти ҳақида
![](https://nor.uz/wp-content/uploads/2025/01/9696-780x470.jpg)
Сўнги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган жадал ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борада амалиётда аниқланган камчиликларни бартараф этишга, ривожланган мамлакатларнинг истиқболли тажрибасини соҳага имплементация қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Такидлаб ўтиш жоизки, 2025 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 33-сон қарорининг қабул қилиниши ҳам мамлакатимизда маъмурий ҳуқуқ соҳасини, қолаверса маъмурий судлов тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг навбатдаги залворли қадами десак муболаға бўлмайди.
Негаки, унга кўра, суд-ҳуқуқ соҳасини, айниқса маъмурий ҳуқуқ соҳасини, маъмурий судловни янада ривожлантириш, соҳага хорижий тажрибани кенг жорий этиш мақсад қилинди.
Қарорда эътироф этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, 2017-йилда мамлакатимиз тарихида илк маротаба маъмурий судлар ташкил қилинганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Ўтган даврда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланганлиги ҳам маъмурий судларнинг қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим институт сифатида шаклланганлигини кўрсатмоқда.
Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда “фаол иштирок этиш” тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.
Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштириш мақсадида қарорда:
- Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.
- Олий суд ва Адлия вазирлигининг қуйидаги тартибларни маъмурий судлар фаолиятига жорий этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилди:
қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;
маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш.
- Олий суд Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқши белгиланди:
а) давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш бўйича:
б) маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтини жорий этиш бўйича:
в) маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини бериш.
- Олий суд, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда алоҳида белгилаш ҳақидаги таклиф маъқулланди.
Олий суд манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб фаолият юритган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ишончини ҳимоя қилиш учун мазкур ҳужжатнинг кейинчалик бекор қилиниши ушбу шахснинг ўз мулкидан маҳрум бўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар олиб келмаслигига оид қоидаларни (бундан қонунда белгиланган ҳоллар мустасно) назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши ва белгиланган тартибда киритиши белгиланди.
- Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан жорий этилган тадбиркорлик субъекти солиқ қарздорлигини тан олган тақдирда, ушбу қарздорликни солиқ органининг қарорига асосан тадбиркорлик субъектининг мулки ҳисобидан қоплашни назарда тутувчи тартиб самарали ишлаётганлиги эътироф этилди.
Олий суд, Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш мақсадида 2025-йил 1-майдан бошлаб тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Тадбиркорлик субъекти солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олмаган ҳамда солиқ органи томонидан ўзининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб қўйилишига эътироз билдирган тақдирда, ушбу масала амалдаги тартибга мувофиқ солиқ органи аризасига асосан суд томонидан ҳал этилиши белгиланди.
- Вазирлар Маҳкамаси 2025-йил 1-июнга қадар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари тан олган ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималарни қўллашни (бундан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима қўллаш мустасно) назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилишини таъминлаш белгиланди.
Бунда молиявий жаримани қўллаш жараёнида тадбиркорлик субъекти вакили иштироки таъминланиши, жарима қўллаш бўйича қарор устидан шикоят берилганда, унинг ижроси тўхтатилиши, шунингдек, ноқонуний ва асоссиз қарор бўйича жарима ундирилган бўлса, ундирилган суммадан ҳар бир календарь кун учун тегишли бюджетдан Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз тўланиши инобатга олиниши қайд этилди.
Шунингдек, 2026-йил 1-июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз бугунги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 2018 йил 25 январда қабул қилинган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
Д.Жўраев