Bu qiziq

Судланганлик ва унинг ҳуқуқий асослари

Шахснинг жиноят содир этганидан сўнг келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларидан бири бу судланганлик ҳолатидир. Жиноят кодексининг ХIV бобида судланганлик ҳолати ва унинг ҳуқуқий аҳамиятлари ҳақида батафсил бериб ўтилган.

Унга кўра, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир.Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.Судланганлик Жиноят кодексида назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади, деб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77-моддасида таъкидлаб ўтилган.

Бундан ташқари, шахснинг судланганлик ҳолатининг тугалланишини қуйидаги ҳолатларда намоён бўлади:

а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;

б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;

г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;

д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;

е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;

ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.

Шунингдек, қонунчилигимизда судланганликнинг олиб ташланиши белгиланган бўлиб, унга кўра, агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки жазони ўтаб чиққан шахснинг ўзи берган илтимосномасига кўра суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин, деб кўрсатилган.

Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар, агар улар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 13-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳам судланганлик олиб ташланиши мумкин.

Бундан ташқари, судланганлик афв этиш ёки амнистия акти асосида ҳам олиб ташланиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5439-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги 16-сонли «Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори билан шахсни афв этиш ёки амнистия акти асосида судланганлик ҳолатини олиб ташланиши мумкинлиги акс эттирилган.

Судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатларини ҳисоблаш қуйидаги ҳолатларда қўлланилади.

-судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатлари асосий ва қўшимча жазолар ўтаб бўлинган ёки ижро этилган кундан бошлаб ҳисобланади;

-агар шахс тайинланган жазодан қонунда белгиланган тартибда муддатидан илгари озод қилинган ёхуд жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, судланганлик муддати муддатидан илгари озод қилинган ёки енгилроғи билан алмаштирилган жазонинг амалда ўтаб бўлинган қисмидан ҳисобланади.

-агар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 44,
46-моддалари асосида ҳукм бўйича тайинланган жазони суд бошқа жазо билан алмаштирган бўлса, судланганлик муддати жазонинг амалда ўтаб бўлинган ёки ижро этилган қисмидан ҳисобланади.

Агар жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолатининг муддати тугамай, яна жиноят содир этса, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Илгари содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолатининг тугаш муддати охирги содир этилган жиноят учун (асосий ва қўшимча) жазони амалда ўтаб бўлганидан бошлаб ҳисобланади, деб белгилаб қўйилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши учун қонунда белгиланган суд ҳукми бўйича судланган шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг умумий қисмида кўрсатилган нормалари асосида судланганлик ҳолати олиб ташланиши мумкин.

Сурхондарё вилоят суди архив мудири Э.Тиловов

Related Articles

Back to top button