Madaniyat

Жисмоний шахсларнинг ижро ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлиги

Фуқароларнинг ижро ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлиги фақатгина ижро иши юритиш талабларини бузгандагина келиб чиқади. Фуқароларга ижро ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Жисмоний шахсларга ижро ҳужжати талабини бажармаганлиги учун жавобгарликка тортишга суд ижрочилари ҳамда суд ваколатли.

Ижро иши  юритиш жараёнининг бошқа иштирокчилари ҳам фуқаровий ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши мумкин. Масалан, сақловчи хатланган мулкни йўқотганлиги ёки унга зиёнетказганлиги сабаб жавобгарликка  тортилади. Сакловчи қарздорнинг хатланганган мулкини яширганлиги, бошқа бировга ноқонуний берганлиги ёки сотиб юборганлиги учун нафақат жиноий, балки моддий жавобгарликка ҳам тортилади.

“Суд  ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ қарздор ижро ҳужжатини белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаганда, шунингдек унинг ижросига тўсқинлик қилган ҳолларда қонунда белгиланган тартибда­ жавобгарликка тортишга асос бўлади.

 Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик.

Суд ҳужжатлари ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш тизимида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган юридик воситалардир. Зотан, суд ҳужжатлари ёрдамида ҳуқуқий нормаларнинг амалга ошиши юз беради ҳамда ҳуқуқий тартибга солиш тизимида вужудга келган “носозлик”лар бартараф этилади. Суд ҳужжатини ижро этмаслик кўпчилик ҳолатларда нафақат суднинг обрўсига дахл қилади, балки жуда катта иқтисодий зарар етказиши ҳам мумкин. Суд ҳужжатини ижро этмаслик ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланади. Суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда уларни ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларининг белгиланиши ушбу қилмишлар содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Қарздор ижро ҳужжати талабини ихтиёрий равишда ижро этиш учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаса, жавобгарликни келтириб чиқаради. Суд ижрочисининг ўз ваколатлари доирасидаги ижрони амалга ошириш билан боғлик талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча органлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Суд ижрочисининг қонуний талабларини бажармаслик, унинг зиммасига юкланган вазифаларни бажаришига монелик қилувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Ижро ҳужжати уни ихтиёрий равишда ижро этиш учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаган тақдирда ёки қарздор зиммасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжати узрсиз сабабларга кўра суд ижрочиси белгилаган муддатда ижро этилмаган тақдирда, суд ижрочиси жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваригача миқдорда жарима солади.

Ж.Убайдуллаев

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари буйича

судлов ҳайъати судя катта ёрдамчиси 

Related Articles

Back to top button