Kasbim-faxrim

СЎРОҚ ҚИЛИШ ТЕРГОВ ҲAРAКAТИНИ ЎТКAЗИШ ТAРТИБИ ВA ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Сўроқ қилиш тергов ҳаракатини ўтказиш орқали иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларни олишда сўроқ қилинаётган шахснинг позицияси, яъни унинг ҳақиқатни айтишга ёки аксинча, ёлғон гувоҳлик бериш орқали терговни нотўғри йўлдан олиб боришга интилиши асосий рол ўйнайди. Хусусан, сўроқ қилинган шахс қасддан ёлғон кўрсатув бериши ёки гарчи у терговга чин дилдан ёрдам беришни истаса-да, иш ҳолатини яхши билмаслигини келтириб ўтиш мумкин.

Сўроқ қилиш тергов ҳаракатини ўтказишда асосий эътиборни ҳимоя ва айбловни қўллаб-қувватловчи томонларнинг ҳаракатларига эътибор қаратиш лозим бўлади. Жумладан, ҳимоя ва айбловни қўллаб-қувватловчи томонлар турли мақсадларни кўзлайди ва ҳар доим гувоҳликни улар учун қулай  йўналишда ўзгартиришга ҳаракат қилади

Суриштирувчи ва терговчи сўроқ қилиш тергов ҳаракатини ўтказаётганда ҳар доим инсон омилини ҳисобга олиши керак. Сўроқ қилинаётган шахс тергов учун муҳим ҳолатларни унутиши, воқеани тавсирлашда хатога йўл қўйиши, тергов қилинаётган иш бўйича нима муҳимлигини ёки иккинчи аҳамиятга эга эканлигини тушунмаслиги мумкин. Сўроқ қилинаётган шахс чекланган идрокка ҳам эга бўлиши мумкин (асаб тизимининг бузилиши, чарчаш, ҳаяжонланиш, сезги органларининг нуқсонлари). Aгар шахс жиноят содир этилган вақтида кучли хаяжонланиш ҳолатида бўлган бўлса, у воқеликни етарли даражада идрок эта олмаган бўлади. Шу билан бирга, сўроқ қилинаётган шахсда хаёлпарастлик, воқеа моҳиятини тушунмаслик, содир бўлган ҳодисани тўлиқ эслаб олмаслик каби ҳолатлар ҳам юзага келиши мумкин ҳолда суриштирувчи ёки терговчи сўроқ қилинаётган шахсга ишончли ва холисона кўрсатув беришига ёрдамлашиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига талабларига кўра, сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмаслиги, алоҳида тоифадаги шахслар, яъни вояга етмаган гумон қилинувчини, айбланувчини сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда олти соатдан ошмаслиги белгилаб ўтилган.

Суриштирувчи ва терговчи сўроқ қилиш олдидан сўроқ қилинувчидан унинг фамилияси, исми ва отасининг исмини, туғилган вақти (йили, ойи, куни) ва туғилган жойини, яшаш жойи ва иш жойини, мансаби, машғулот тури, маълумоти, оилавий аҳволини, судланганлиги ѐки судланмаганлигини аниқлаши ҳамда бу маълумотларни жиноят ишидаги ёки сўроқ қилинувчининг шахсий ҳужжатларидаги маълумотлар билан солиштириб кўриши ѐхуд сўроқ қилинувчи ўзини ким деб таништирган бўлса, айнан ўша шахс эканлигига бошқа йўллар билан ишонч ҳосил қилиши лозим.

Сўроқ қилинувчи иш юритилаѐтган тилни биладими, у қайси тилда кўрсатув бера олиши мумкин, деган саволлар туғилиб қолса, бу масала аниқланиши лозим. Сўроқ қилинувчи сўроқ қилинаётган тилни билмаса, у ҳолда таржимон чақирилади ва у келгунча сўроқ қилиш тўхтатиб турилади.

Сўроқ қилинувчининг шахси аниқлангандан кейин унга ЖПКда назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилганлиги сўроқ баённомасида қайд этилади.

Сўроқ қилинувчига ишнинг унга маълум бўлган ҳолатлари тўғрисида сўзлаб бериш таклиф қилинади. Суриштирувчи ва терговчи сўроқ қилинувчи эркин сўзлаб берганидан кейин унинг кўрсатувларини тўлдириш ѐки аниқлашга қаратилган саволлар берилиши мумкин.

Тергов ҳаракатини амалга ошираѐтган мансабдор шахс сўроқ қилинувчига саволлар бераётганида асосий эътиборини қаратиши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд. Жумладан, кутилаётган жавобга бевосита ёки билвосита йўналтириш мазмунидаги ҳамда ишора қилувчи саволлар бериш тақиқланади.

Сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари рақамлар ёки хотирада сақланиши қийин бошқа маълумотларга тааллуқли бўлса, у сўроқ жараёнида ўзидаги ёки ишга қўшиб қўйилган ҳужжатлардан ёхуд бошқа ёзувлардан фойдаланишига рухсат берилади.

Сўроқ жараёни ва натижалари суриштирув ва дастлабки тергов босқичида сўроқ баённомасида расмийлаштирилади. Сўроқ жараёнида баённома юритиш билан бир қаторда овозни ёзиб олиш ва видеоёзувга олиш ҳам қўлланилиши мумкинлиги жиноят-процессуал қонуни билан рухсат этилган. Сўроқ қилиш давомида қўлланилган фонограмма ва видеоёзув баённомага илова қилинади Кўрсатувлар баённомага биринчи шахс номидан, имкон борича сўзма-сўз ёзиб борилади. Савол-жавоб сўроқ жараёнида қандай олиб борилган бўлса, шундай изчилликда қайд қилинади. Суриштирувчи ёки терговчи томонидан сўроқ қилинувчи жавоб беришдан бош тортган саволлар ҳам баённомага киритилиши керак. Сўроқ қилинувчи кўрсатувни ўз қўли билан ёзма равишда баён қилишга ҳақли ҳисобланади. Ўз қўли билан ёзилган кўрсатув баённомага илова қилиниб, бу ҳақда баённомага тегишли қайдлар киритилади. Сўроқ қилинувчи баѐнномани ўқиб бўлгач, кўрсатувлари тўғри ёзилганлиги ва у билан танишганлигини имзо чекиб, тасдиқлайди. Имзо баённоманинг охирига қўйилади, башарти кўрсатувлар бир неча саҳифага ёзилган бўлса, ҳар қайси саҳифага алоҳида имзо чекилади.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Ф.Мирзакулов

Related Articles

Back to top button