Madaniyat

Ўзбекистонда ўқувчи қизларнинг мактабга рўмол ўраб келишига рухсат берилди

4 сентябрь куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигида 2021/2022-ўқув йили олдидан умумтаълим мактаблари директорлари, ўқитувчилар ва ота-оналар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар беради.

Мулоқот давомида миллий қадриятларни инобатга олган ҳолда, қизларга истисно тариқасида мактабда оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ва дўппида бўлишларига рухсат этилиши маълум қилинган.

«Фарзандларимиз рўмол ўрашни хоҳласа, ўзбекча қилиб ўрасин. Керак бўладиган бўлса, кўйлагининг ёқасини ҳам сал юқорироқ қилиб ёпиши мумкин бўлади. Шунда ҳақиқий миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан бемалол мактабга келишларига рухсат этиш мумкин. Лекин иккинчи томони ҳам бор, бу истисно. Бу дегани эртага ҳамма фақат шунақа келиши керак, бемалол юрган қизларимизни ҳам олиб келиб ‘мана шунақа рўмол ўрашинг керак’, деб мажбурлаш ҳам бўлиб қолмасин. Бунинг тагидаги мақсад — қизларимизни ўқитиш», — дея ойдинлик киритади вазир.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги ўқувчи қизларнинг мактабга ҳижобда боришлари мумкинлиги ҳақидаги саволларга муносабат билдириб, халқ таълими вазирининг 2020 йил 28 майдаги 131-сон буйруғи билан тасдиқланган мактабларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларининг 8-бандига кўра ўқувчилар белгиланган мактаб формасида келишлари шартлигини эслатганди.

Related Articles

Back to top button