Hodisalar

Президент муфтий оиласига таъзия билдирди

Халқимиз оғир жудоликка учради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 15 август куни хасталик туфайли вафот этди.

Президент Шавкат Мирзиёев таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, Тошкент ислом институтида, Марокаш давлатининг Қаравиййин университетида таҳсил олиб, ислом дини асосларини, араб ва форс тилларини чуқур ўрганган.

У 1980-2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий масжидида имом ноиби, имом-хатиб вазифаларида ишлаган. 2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби бўлган.

Усмонхон Алимов 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Бой билим ва тажрибасини эзгу амалларга сафарбар этди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи, ҳамдардлик сўзлари оғир жудоликка учраган кўнгилларга таскин бўлди.

Марҳумнинг ҳақига дуо қилинди.

Президентимиз муфтийнинг эзгу ишларини ёдга олди.

– Ҳаммамиз учун катта йўқотиш бўлди. Улуғ инсон эдилар. Билими, меҳнатсеварлиги, камтаринлиги билан элимизда обрў топган эдилар. Бу бало бутун дунёга азоб олиб келди, қанча йўқотишлар бўлаяпти. Қўлимиздан келган ҳамма ҳаракатни қилдик. Лекин Аллоҳнинг иродаси экан. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. У кишини яхши ном билан эслаб, ишларини давом эттириб, руҳларини шод қилайлик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Related Articles

Back to top button